Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида» халкаро саммити доирасида «IMKON» кўп тармоқли реабилитация марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳамда саммитининг юқори мартабали меҳмонлари иштирок этдилар.
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи ушбу муассасада мактабгача таълим, коррекцион-педагогик ёрдам ва комплекс реабилитация хизматлари бирлаштирилган. Марказнинг мактабгача таълим бўлими 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 150 ўринга мўлжалланган бўлса, амбулатория бўлимида ҳар ойда 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган 100 нафарга яқин бола реабилитация курсларини ўташи мумкин. Ушбу маскан Нукус, Қибрай, Қарши ва Зарафшондаги муассасаларни ўз ичига олган «IMKON» тармоғининг янги бўғинига айланди. Келгусида Фарғона, Наманган ва Нурафшон шаҳарларида ҳам шундай марказларни барпо этиш режалаштирилган.


