2026 йилда Ўзбекистонда кўп квартирали уйлар ҳовлиларини ободонлаштириш учун 520 миллиард сўм, яъни 43 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар болалар майдончалари, пиёдалар йўлаклари, суғориш тизимлари ва умумий фойдаланиш инфратузилмасини барпо этишга мўлжалланган.
Маблағлар ҳажми ҳақида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги навбатдаги «Ҳукумат соати»да маълум қилди.
Ҳовлиларни кўкаламзорлаштириш «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилади. 54 та туман ва шаҳар кенгашининг қарорлари билан кўп қаватли уйлар атрофида яшил боғлар ташкил этиш учун ер майдонлари белгиланган. Экилган дарахт ва буталарни парваришлаш учун ушбу яшил ҳудудларни барпо этаётган пудрат ташкилотлари масъул ҳисобланади.
Вазир маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 46 мингдан ортиқ кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларда 1,6 миллиондан зиёд хонадон жойлашган. 42 мингдан ортиқ уйга бошқарув сервис компаниялари, 700 дан ортиғига эса уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади. Қолган уйларда бошқарувнинг бошқа шакллари қўлланилади.
Уй-жой коммунал хизматлари соҳасида аҳолига хизмат кўрсатувчи 18 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилади.
В. Новиков


