Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида Нурафшон шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» боғида вилоят жамоатчилиги вакиллари билан бўлиб ўтган тантанали учрашувда иштирок этди.
Тадбирда кекса авлод вакиллари, ёшлар, тадбиркорлар ва жамоатчилик фаоллари қатнашди. Давлат раҳбари йиғилганларга мурожаат қилиб, сўнгги йилларда Тошкент вилоятида амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришларни қайд этди ҳамда ҳудуд аҳолисининг тараққиёт лойиҳаларини рўёбга чиқаришдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.
Президент эслатишича, яқин ўтмишда вилоятнинг ўз маъмурий маркази мавжуд эмас эди. Бугун эса Нурафшон замонавий маъмурий, ижтимоий ва маданий инфратузилмага эга шаҳарга айланган. Бу ерда янги боғлар, мемориал мажмуалар, жамоат масканлари, велосипед ва пиёдалар йўлаклари, сунъий кўл, амфитеатр ҳамда фавворалар барпо этилган.
Давлат раҳбари Нурафшон Янги Ўзбекистон рамзига айлангани ва мамлакатда «ақлли шаҳар» модели асосида ривожланаётган биринчи шаҳар эканини таъкидлади. Бу ерда рақамли бошқарув, интеллектуал транспорт тизими, энергия тежовчи технологиялар ва экологик инфратузилма босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Президент шаҳарни илм-фан, юқори технологиялар ва ёшлар маркази сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Нурафшонда Маданият саройи, Сунъий интеллект маркази, Ахборот-ресурс кутубхонаси, Касблар маркази ва Бадиий академиянинг вилоят бўлими жойлашадиган Ёшлар шаҳарчаси қурилиши давом этмоқда.
Шу куни илмий тадқиқотлар, сунъий интеллект ва рақамлаштиришни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик инновацион мажмуа — Келажак технологиялари маркази қурилишига ҳам старт берилди. Шунингдек, «Нурафшон Бизнес Сити» лойиҳаси доирасида замонавий маъмурий, ишбилармонлик, тиббиёт, таълим, маданият ва турар жой объектларини барпо этиш режалаштирилган.
Президент таъкидлаганидек, Тошкент вилояти мамлакатнинг асосий иқтисодий ҳудудларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳиссасига Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизи тўғри келади. Сўнгги беш йилда вилоятга 16 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этилган, 3 мингга яқин хорижий капитал иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда, экспорт ҳажми эса қарийб 3 миллиард долларга етган.
Шунингдек, давлат раҳбари Тошкент вилояти транспорт тизимини пойтахт билан янада интеграция қилиш бўйича янги ташаббуслар ҳақида ҳам маълум қилди. Хусусан, жамоат транспорти йўналишларини кенгайтириш ва Тошкент ҳамда Нурафшон ўртасида замонавий йўловчи поездларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Учрашув якунида Президент Тошкент вилояти аҳолиси, тадбиркорлар, зиёлилар ва ёшлар биргаликда ҳудуднинг мамлакатнинг етакчи иқтисодий марказларидан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирди.
Расмий қисмдан сўнг тадбир иштирокчилари учун маданий дастур ташкил этилди. Нурафшонга ташриф якунида Президент Тошкент шаҳрига қайтди.


