Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро билан музокаралар ўтказди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. Ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик энергетика, транспорт, инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш каби қатор устувор соҳаларни қамраб олган.
Музокараларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ҳамда гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёда ишончли ва барқарор шерик сифатидаги мавқеини сақлаган ҳолда, Франция ҳамда Европа давлатлари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш ниятида экани таъкидланди.

