Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи доирасида анъанавий халқаро гуллар фестивали билан танишуви бўлиб ўтди. Кейинги йилларда фестиваль нафақат маданий тадбир, балки туризм, тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини ривожлантиришга хизмат қилаётган йирик лойиҳа сифатида шаклланмоқда.
Маълумотларга кўра, фестиваль давомийлиги 2018 йилдаги 3 кундан 2025 йилга келиб 40 кунгача узайтирилган. Бу эса туристлар оқимининг кескин ошишига хизмат қилди. Хусусан, хорижий сайёҳлар сони 25 минг нафардан 800 минг нафарга етган бўлса, маҳаллий туристлар сони 6,4 миллион нафарни ташкил этган.
Эндиликда фестиваль олдига янада улкан вазифалар қўйилган. Режаларга мувофиқ, келгусида 50 дан ортиқ давлатдан 1 миллион нафар хорижий ва 7 миллион нафар маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, 150 дан зиёд турли тадбирларни ташкил этиш ҳамда хизматлар ҳажмини 8 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган.
Жорий йил 24 майдан 12 июлга қадар ўтказилаётган 65-халқаро гуллар фестивали ҳам кенг кўламда ташкил этилди. Фестиваль тарихида муҳим воқеа сифатида у расман “Гиннесснинг рекордлар китоби”га киритилди. Рекордни қайд этиш жараёнида китоб вакиллари бир ой давомида Наманган шаҳри аҳолиси томонидан қўлда 29 миллиондан ортиқ гул кўчати экилишини кузатиб борди. Натижада жаҳон рекорди расман тасдиқланди.
Фестиваль доирасида амалга оширилган ишлар аҳоли бандлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Наманган шаҳрининг 45 та маҳалласи гулчиликка ихтисослаштирилиб, 16 минг хонадон қамраб олинган. Бу орқали 21 минг нафар аҳоли доимий даромад манбаи билан таъминланган.
Шунингдек, март–апрель ойларида аҳоли томорқаларида 4 минг 683 та иссиқхона ташкил қилиниб, 120 миллион дона гул кўчати етиштирилган. Бу фаолият натижасида фуқаролар қўшимча 300 миллиард сўм даромад олган.
Ташриф давомида давлат раҳбари фестиваль учун яратилган гул композициялари, мавзули майдонлар ва кўргазмалар билан танишди. Шунингдек, гулчилик соҳасида фаолият юритаётган аҳоли ва тадбиркорлар, фестиваль иштирокчилари ҳамда меҳмонлар билан мулоқот қилди.

