Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) жиноий киберҳужумга учради. Натижада шахсий ва ишбилармонлик маълумотларининг бир қисмига рухсатсиз кирилган. Бу ҳақда 26 ноябрь куни Reuters хабар берди.
ФИФА вакили ҳужумчилар ёпиқ «FIFA Forward Enterprise» (FFE) лойиҳаси файлларига кира олмаганини маълум қилди. Ташкилот ҳозирча ҳодиса қачон содир бўлгани ва қанча шахс ёки ташкилот зарар кўрганини очиқламаган.
«Handsome Boy Hacking Club» гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, 12 ГБдан ортиқ ички ҳужжатларга кириш имконига эга бўлганини билдирган. Reuters манбасига кўра, фош этилган маълумотлар ФИФАда сақланаётган умумий ахборотнинг 0,1 фоизидан камини ташкил этади.
FFE аввал ҳам танқидларга сабаб бўлган. ФИФА президенти Жанни Инфантино жаҳон чемпионатларига оид тижорат ҳуқуқларини бошқариш учун ушбу тузилмани ташкил этишни режалаштирган эди. Бироқ УЕФА ва унинг 55 та миллий ассоциацияси қаршилиги ҳамда бойкот таҳдидидан сўнг ФИФА турнир ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режасидан воз кечган.


