Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов блиц йўналиши бўйича жаҳон рейтингида учинчи ўринга кўтарилди ва мазкур форматдаги энг кучли шахматчилардан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.
Янгиланган рейтинг натижаларига кўра, Абдусатторов 2802,5 рейтинг очкосини жамғариб, ўз мавқеини икки поғонага яхшилади.
Рейтингда ўзбекистонлик шахматчи фақат Магнус Карлсен ва Хикару Накамурадан кейин жойлашган. Шу тариқа, у жаҳоннинг энг кучли уч нафар блиц шахматчиси қаторида мустаҳкам ўрин эгаллади.
Мазкур натижа нафақат гроссмейстер фаолиятидаги навбатдаги муҳим ютуқ, балки сўнгги йилларда халқаро майдонда ўз нуфузини мустаҳкамлаб бораётган Ўзбекистон шахмат мактаби учун ҳам катта муваффақият сифатида баҳоланмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон терма жамоаси ФИДЕ жамоавий жаҳон чемпионатида иштирокини саккизинчи ўрин билан якунлаган эди. Мусобақанинг энг ёрқин воқеаларидан бири ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаровнинг собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан қозонган ғалабаси бўлди.

