Президентнинг 2026 йил 26 ноябрдаги ПҚ–407-сон қарори билан енгил саноат корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.
2026–2029 йилларда инвестиция лойиҳалари ва айланма маблағлар учун ажратилган кредитларнинг асосий қарзини қайтариш муддати 36 ойга узайтирилади. Фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш тизими ҳам жорий этилади.
2028 йил 1 январга қадар экспорт тушуми келиб тушиш муддати 365 кунгача узайтирилади. Шу даврда жарима ва экспорт операцияларини чеклаш чоралари қўлланмайди.
Ишлаб чиқариш учун зарур хомашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар импортига аввал берилган божхона божи имтиёзлари 2030 йил 1 январгача амал қилади.
Шунингдек, фаолият юритаётган кластерларнинг 2022–2023 йилги пахта ҳосили учун олган 3,2 триллион сўмлик кредитларини 2028–2029 йилларда ойма-ой тенг улушларда қайтаришга рухсат берилади. 2025 йил ҳосили бўйича 1,2 триллион сўмлик қарздорлик эса 2027 йил 1 мартгача тенг улушларда тўланади.
Пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга кластерлар ва тўқимачилик корхоналарининг кредит қарзини ундиришда харид қилинган пахта хомашёси ҳамда ундан олинган толага ундирув қаратилмайди.


