Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида «Маданиятлар мулоқоти — 2026» мавзусидаги II Халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Нуфузли форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этди.
Қозоғистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ташкил этилган симпозиумда турли мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари вакиллари, парламент аъзолари, халқаро ташкилотлар, шунингдек, илмий ва эксперт доиралар вакиллари қатнашди. Унда конституциявий қадриятларни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари муҳокама қилинди.
Академик Акмал Саидов ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик ислоҳотлар, уларнинг мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асослари ва амалий натижаларига алоҳида тўхталди.
Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият даражасига кўтариш, ижтимоий давлат тамойилини мустаҳкамлаш, шунингдек, қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашга қаратилган конституциявий ёндашувлар мамлакат тараққиётининг муҳим мезонига айлангани таъкидланди. Ушбу ўзгаришлар давлатнинг инсон олдидаги масъулиятини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Симпозиум доирасида ўтказилган экспертлар сессиялари ва амалий семинарларда конституциявий қадриятларни амалда татбиқ этиш, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий сиёсат ва барқарор ривожланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу халқаро форум Ўзбекистоннинг конституциявий тараққиёт, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қонун устуворлиги соҳаларидаги ислоҳотларини халқаро экспертлар ҳамжамияти билан муҳокама қилиш, илғор тажриба алмашиш ҳамда давлатлараро профессионал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази матбуот хизмати


