Наманган вилоятида банклардан бирининг бош юрисконсульти коррупцияда гумон қилиниб, жиноий иш фигурантига айланди.
Тергов маълумотларига кўра, у хизмат лавозимидан фойдаланиб, хусусий тиббиёт клиникаси раҳбаридан 3 минг АҚШ доллари талаб қилган. Бунинг эвазига у 16,2 млрд сўм миқдоридаги кредит қарзи туфайли аукционга чиқарилиши лозим бўлган клиниканинг гаров мулкини 5–6 ойга кечиктириш ва кейинчалик уни қайтаришда ёрдам беришни ваъда қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи пулни олаётган вақтда қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

