Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Лондон шаҳрида Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари лорд Тарик Аҳмад билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Музокаралар давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, савдо-иқтисодий, инвестициявий, банк-молия, маданий-гуманитар йўналишларда алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Лорд Тарик Ахмад томонидан молиявий ва технологик соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун икки давлатнинг юқори салоҳияти борлиги таъкидланди. Бу борада амалий механизм ва ташаббусларни ишга солиш, жумладан, савдо вакилларини тайинлаш орқали янги лойиҳаларни амалга ошириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Хорижий томон Ўзбекистонга «GSP Enhanced» умумий имтиёзлар тизимининг кенгайтирилган схемасининг бенефициари мақоми берилганини алоҳида қайд этиб, Британия бозорида талаб қилинадиган маҳсулотлар экспортини ошириш истиқболларига тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида Танзила Нарбаева Буюк Британия ишбилармон доиралари вакилларини 2024 йил май ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф қилди.
Суҳбат давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам эътибор қаратилиб, Ўзбекистонда Буюк Британия етакчи университетларининг филиалларини очиш, малакали ўқитувчиларни жалб қилишнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Бугун барча мамлакатлар кун тартибида иқлим ўзгариши масаласи долзарб бўлгани инобатга олиниб, мазкур йўналишда яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, айниқса, қурғоқчилик ва сув танқислигига қарши курашиш, бунда сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.