VisaGuide.World ахборот портали 2024 йил январ ҳолатига кўра паспорт индексини (VisaGuide Passport Index) эълон қилди, унда Ўзбекистон 128-ўринни эгаллади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон паспорти мамлакат фуқароларига 31 давлатга визасиз саёҳат қилиш имконини беради, 19 давлат ўзбекистонликларга электрон виза ва 32 давлат келганида визалар беради. Ўзбекистон паспорти эгалари 144 давлатга кириш учун саёҳат қилишдан олдин виза олиши керак.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон паспорт энг яхши кўрсаткичга эга — 110-ўрин. Қирғизистон паспорти 132-ўрин, Тожикистон паспорти 140-ўрин ва Туркманистон паспорти 167-ўринда қайд этилган.
2023 йилги рейтингнинг мутлақ етакчиси Испания паспорти бўлди. Иккинчи ўринда Германия паспорти. Кучли бешликни Сингапур, Италия ва Франция паспортлари якунлайди.
Рейтингнинг сўнгги ўринларини Ироқ, Покистон, Сурия, Афғонистон, Сомали каби давлатларнинг паспорти эгаллаган.
VisaGuide паспорт индекси — бу 199 мамлакат ва ҳудуднинг паспорт кучини турли омиллар асосида, жумладан, борадиган мамлакат томонидан белгиланган кириш талаблари, мамлакат ялпи ички маҳсулоти, хавфсизлик, инсон тараққиёти индекси, туризм индекси ва бошқалар орқали баҳолашни назарда тутади.