Аввал хабар берганимиздек бугун Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси ўз ишини бошлади.
“Барчамизни яна “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси учраштирди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти мана етти йилдан бери самарали фаолият олиб бормоқда. Ҳар йилда бир марта бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот бериш ва келгусидаи режаларини белгилаш анъанага айланган.
Сафимизга янги қўшилганлар учун шуни таъкидлашни истардимки, “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси ҳар жиҳатдан инновацион бўлиб, етти йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият кўрсатиб келади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати туфайли бошланган ушбу лойиҳа ўтмишда заминимизда яратилган, айни пайтда турли сабаблар туфайли ҳозирда чет элларда — йирик кутубхоналар, музейлар ва шахсий коллекцияларда сақлнаётган санъат ва маданият дурдоналари ҳақида маълумот тўплаш мақсадида ташкил қилинган. Бу эзгу ғоя мамлакатимиз ва хориждаги олимлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари, ижтимоий масъулиятли бизнес вакиллари томонидан қўллаб-қувватланмоқда”, — дея таъкидлади Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов конференсиянинг очилиш маросимида.
Бир қатор миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотчилар иштирокида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгрессда «Ўзбекистон маданий мероси» туркумидан 61–70 жилддан иборат 10 та янги китоб-альбом тақдим этилади. Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия (шу жумладан Татаристон), Туркиядаги Ўзбекистон маданий мероси тўпламларига бағишланган китоб-альбомлар шулар жумласидан. Эътиборли жиҳати, ушбу тўплам китоблар кутубхоналарга бепул тақдим этилмоқда.
Конгресснинг илмий қисми 5 та халқаро конференциядан иборат бўлиб, уларда 120 га яқин илмий маърузалар тингланади. Унда «Мероснинг янги қирраларини кашф этиш: жаҳон тўпламларидаги ўзбек коллекциялари», «Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларидан Шарқ қўлёзма мероси дурдоналари», «Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларида Марказий Осиё музейлари ва кутубхоналари», «Марказий Осиё тарихи ва санъати: изланишлар ва кашфиётлар» ҳамда «Кино ва медиа олами: меросга янгича нигоҳ» каби мавзулар ўрин олган.