27 октябрь куни Рига шаҳрида Ўзбекистон элчиси Қадамбай Султонов, Латвия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби ўринбосари Анжейс Вилумсонс, давлат идоралари ва бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистон Фахрий консуллигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Дунё АА мухбири хабар бермоқда.
Ригадаги Ўзбекистон Савдо уйи раҳбари, «Outdoo Media» компанияси асосчиси ва директори Владимир Галперин Ўзбекистон фахрий консули этиб тайинланди. Тантанали тадбирда унга тегишли консуллик патенти топширилди.
Бу Ўзбекистоннинг Балтиядаги биринчи Фахрий консуллигидир.
Янги фахрий консул Латвияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, латвиялик сармоядорлар ва сайёҳларни республикамизга жалб этиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Латвия ва бошқа Балтия давлатлари бозорларига экспортини кўпайтириш жараёнларида фаол иштирок этади. Шунингдек, меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, маданий-гуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашади.
Маросимда Рига шаҳрида Ўзбекистоннинг Фахрий консуллигининг очилиши ҳамда Тошкентда Латвия инвестициялар ва тараққиёт агентлиги ваколатхонасининг фаолиятини бошлаши Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги савдо-сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик асосларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.
Ҳозирги кунда хорижда мамлакатимизнинг 30 га яқин Фахрий консулликлари фаолият кўрсатмоқда.