Жорий йилнинг 28 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазири Ху Хепин, БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган уч томонлама учрашув ташкил этилди.
Учрашувда Азиз Абдуҳакимов ХХР Маданият ва туризм вазири Х.Хепиннинг мамлакатимизга ташрифидан мамнун эканлигини таъкидлаб, бу нафақат туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, балки UNWTO доирасида қўшма ҳаракатларни белгилаб олишга хизмат қилишини таъкидлади.
Хитой томони эса Ўзбекистоннинг туризм соҳасида стратегик ҳамкори эканлигини алоҳида қайд этди. Х.Хепин ўзаро туристик оқимни ошириш, мамлакатимизда туризм масканларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, туризм инфратузилмасига сармоя киритувчилар учун берилаётган имтиёзлар билан яқиндан таништирилди. Хитой томонига 2023 йил март ойида мазкур давлатнинг туристик гуруҳлари ташриф буюриши тавсия этилган мамлакатлар рўйхатига Ўзбекистон киритилганлиги учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Қолаверса, ҳозирги кунда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига 11 та авиақатнов 3 та авиакомпания “Uzbekistan airways”, “China Southers Airlines” ва “Loongair” томонидан амалга оширилаётгани ҳамда келгусида ушбу қатновлар сонини ва географиясини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди. Хитой томони республика ҳудудий аэропортларини давлат хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш лойиҳаларига таклиф этилди.
Бундан ташқари, UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан билдирилган ташаббусларни ташкилот доирасида ҳамкорликда амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон Туризм қўмитаси делегациясининг Хитойга ташрифини амалга ошириб, туризм соҳасида Хитой тажрибасини ўрганган ҳолда, 2030 йилга қадар туризмни ривожлантириш стратегияси учун асосли таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишилди.
Ўз навбатида Ху Хепин юқори савияда ташкил этилган ташриф ва Хитой томонига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессияси муваффақиятли ва самарали ўтганлигини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар нафақат ташкилот доирасида ҳамкорликни кучайтиришга, балки соҳадаги долзарб масалаларга самарали ечим эканлигига ишонч билдирди. У Хитой, Ўзбекистон ва UNWTO ўртасида уч томонлама ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини инобатга олиб, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклиф ва лойиҳаларни “Бир макон — бир йўл” лойиҳаси доирасида ҳам амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади. Х.Хепин хитойлик туристлар орасида энг оммабоп туризм йўналишлари сифатида Ўзбекистонда яшил ва экотуризм, интеллектуал туризм, маданий туризм имкониятларини кенгроқ тарғиб этишни таклиф қилди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликда хитой сайёҳлари учун махсус туристик маҳсулотлар ва йўналишларни ишлаб чиқиш, кадрларни тайёрлаш, гидларни ўқитиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.
UNWTO Бош котиби З.Пололикашвили Бош ассамблея юбилей сессиясининг Самарқандда юқори савияда ташкил этилганлиги учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлик билдирди. У Мадридга қайтиши биланоқ UNWTO сессиясида Президент томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни амалга оширишга киришишини таъкидлаб ўтди.
З.Пололикашвили Самарқанд шаҳрида очилган UNWTO Халқаро туризм академиясига ХХР ўқитувчи ва мутахассисларини таклиф қилиш учун уч томонлама ҳамкорлик ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, Самарқандда янги ташкил этилган UNWTO тематик офисига “Ипак йўлида туризм” бўйича Хитойдан етакчи экспертларни жалб қилган ҳолда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, Ўзбекистон шаҳарларини “Ипак йўли” шаҳарлари халқаро туризм альянсига аъзо қилишни таклиф этди.
Учрашув якунида томонлар 2024 йилда мазкур форматдаги уч томонлама учрашувни Хитойда ҳам ташкил этишга келишиб олдилар.