Самарқанд БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси арафасида дунёнинг 130 дан ортиқ давлатидан хорижий делегацияларни қабул қилишда давом этмоқда.
Бугун Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Буюк Британиядаги элчиси Софи Ибботсон кенг кўламли тадбирнинг юртимиз учун аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
“UNWTO Бош ассамблеяси 25-сессияси Ўзбекистон учун иккита муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда биринчи навбатда бутун дунёдан сайёҳлик ташкилотлари вакиллари йиғилади. Тадбирга UNWTOга аъзо мамлакатлардан 160 делегация иштирок этиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистонга нафақат халқаро туризм соҳасига ҳисса қўшиш, балки келгуси икки йил давомида уни шакллантириш имкониятини ҳам беради. Ушбу тадбир муҳимлигининг яна бир сабаби шундаки, Ўзбекистон ўзининг меҳмондўстлиги ва MICE туризми йўналишини намойиш этиш имкониятига эга бўлмоқда (MICE — бу бизнес учрашувлари доирасидаги конференциялар ва тадбирлардир). Бу Ўзбекистонда энди ривожланаётган туризм соҳаси ҳисобланади. Бош Ассамблеясининг 25-сессияси Ўзбекистон халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятлар ва мутахассисларга эга эканлигини кўрсатади ҳамда бутун дунё ҳамжамиятини нуфузли халқаро тадбирларни айнан Ўзбекистонда ўтказишга ундайди”.
Шунингдек, Софи Ибботсон Ўзбекистоннинг қайси туристик йўналишлари Европа Иттифоқи давлатларидан чет эллик сайёҳларни жалб этиши ҳақида гапирди.
“Ўзбекистонга саёҳат қилиш хорижлик сайёҳлар учун жозибадор, ҳаяжонли, ўта экзотик, шу билан бирга, жуда хавфсиз ва ҳамёнбопдир. Шунингдек, турли миллий маҳсулотлар ҳам сайёҳларнинг эътиборини жалб қилади.
UNWTO Бош Ассамблеяси доирасида “Энг яхши туризм қишлоқлари” номинацияси бўйича тақдирлаш маросими ҳам ўтказилади. Бу рўйхатга Ўзбекистоннинг бешта туризм қишлоғи ҳам киритилгани қувонарлидир. Туризм қишлоқлари — Ўзбекистон учун маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга қишлоқ аҳолиси ҳамда уларнинг турмуш тарзи билан мулоқот қилиш имконини берувчи ажойиб янги йўналишдир”.
Бундан ташқари, С. Ибботсон сўнгги 5–10 йилда Ўзбекистонда содир бўлган ўзгаришлар ва сайёҳлар учун мамлакатимизга саёҳат қилишнинг ижобий жиҳатлари ҳақидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.