28.9 C
Узбекистан
Среда, 26 июня, 2024

Боғибаланд – Ўзбекистондаги биринчи туризм маҳалласи

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,460участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанд шаҳрининг Боғибаланд маҳалласи ҳудудида жойлашган машҳур анжирзорда ўтказилган “Анжир сайли” доирасида маҳалла фуқаролар йиғинига “Туризм маҳалласи” мақоми берилганлигини тасдиқловчи сертификат топширилди. Шундай қилиб, мамлакатимизда илк туризм маҳалласи ташкил этилди. 

Боғибаланд – Соҳибқирон Амир Темур асос солган ва бугунгача сақланиб қолган машҳур боғлардан бири. Ўз вақтида бир неча юз гектар майдонни эгаллаган анжирзордан урбанизация таъсири остида фақат 40 гектарга яқин майдони сақланган. Боғдаги 10 мингдан ортиқ дарахтда икки хил – сариқ ва қора анжирлар етиштирилади. Мевалар экологик жиҳатдан тоза ва органик ҳисобланади, чунки уларни етиштиришда минерал ўғитлардан фойдаланилмайди.

Боғибаланд аҳли анжирзорни ҳозирги кўринишда ташкил этишда жонбозлик кўрсатган Тошпўлат Қудратовни илиқ сўзлар билан эслашади. Тўғри, анжир дарахтлари бу ҳудудда кўп асрлардан бери мавжуд. Аммо плантация шаклида, фақат анжир дарахтларидан иборат боғни ташкил этиш бундан 45-50 йил аввал Т. Қудратов раҳбарлиги ва иштирогида амалга оширилган эди. Унгача боғда анжир дарахтлари билан бирга бошқа мевали дарахтлар ўсган, ер майдонида турли сабзавот ва полиз экинлари  етиштирилган.

Т. Қудратовнинг бу ва бошқа самарали ишлари эътибордан четда қолмади. У ўз вақтида Давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

Анжирзорни обод қилиб, туристларни жалб қилиш учун шароит яратиш ишлари бундан тўрт йил аввал боғибаландлик Рустам Сатторов ташаббуси билан бошланган эди. Ўшанда Р.Сатторов таклифини инобатга олиб, боғ билан танишган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳудудни обод қилиш ва “Анжир сайли”ни ўтказиш фикрини ўртага ташлаган эди. Натижада, 2019 йилда биринчи марта “Анжир сайли” маросими ташкил этилди. Тадбирдан олдин боққа олиб борадиган йўл ва ички йўлларга асфальт ётқизилди, бошқа ободонлаштириш ишлари олиб борилди.     

Бу галги сайл доирасида Боғибаланд маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилди. Бу ҳақидаги сертификатни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев маҳалла раиси Мурод Нуриддиновга топширди. 

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров, қишлоқ хўжалиги соҳаси фахрийси, анжир ҳақидаги китоб муаллифи Талъат Абдуллаев Боғибаланд маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилиши анжирзорга бўлган эътиборни янада кучайтиришни тақозо этишини ва бунинг ижобий натижаси туристлар оқимининг кўпайиши бўлишин уқтиришди.

Шуниси диққатга сазоворки, маҳаллага бу мақом берилиши учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Маҳалла ҳудудида турли инфраструктура объектлари ва хизматлар кўрсатиш жойлари ташкил этилди. Шу жумладан, боғ ҳудудида 15 та дам олиш маскани ва миллий услубдаги дегустация учун жойлар ташкил этилди; пиёда, велосипед, электромобил, веломобил, отда сайр қилиш учун шароитлар яратилди; меҳмонларнинг қулай ҳаракатланиш учун йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ўрнатилди; ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахт ва гул кўчатлари экилди; анжир дарахтларини экиш, етиштириш, ҳосилни йиғиш жараёни билан сайёҳларни таништириш ва ушбу жараёнларда ташриф буюрувчиларнинг ўзлари ҳам иштирок этишлари ва дегустацияни ташкил этишга шароит яратилди; маҳаллада зарур инфратузилма жумладан, автомобил йўллари, транспорт, алоқа воситалари, ичимлик суви, канализация, электр энергияси, Интернет тизими яхшиланди.

Бўлиб ўтган “Анжир сайли” давомида боққа ташриф буюрган меҳмонлар ана шу қулайликлардан баҳраманд бўлишди. Улар орасида хорижадан келган туристлар ҳам бор эди. Улар учун санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

“Туризм маҳалласи” ташкил этилиши экотуризм, гастрономик туризм ва агротуризмни ўзида мужассамлаштирган янги йўналиш ривожланишига имкон яратувчи муҳим омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Туристлар оқимининг ошиши бутун вилоят иқтисодиётига ижобий таъсир этиши билан бир қаторда Боғибаланд маҳалла аҳолиси учун  қўшимча иш ўринлари яратилишига олиб келади ва яхшигина даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган суратлар

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистон Президенти Россия ИИВ делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Россия Федерацияси ички ишлар вазири...

Больше похожих статей

×