Мамлакатимизнинг Дубайдаги Бош консулхонаси ҳамюртимиз, БААдаги ўзбек диаспораси фаоли Гулнора Мелибоева билан биргаликда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига инсонпарварлик ёрдамини жўнатди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Умумий қиймати 14 минг доллардан ортиқ бўлган ушбу инсонпарварлик ёрдами таркиби 414 дона 3 ёшгача бўлган болалар кийимларидан иборат.
Беғараз ёрдам юклари «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси самолётида юртимизга бепул етказиб берилади.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги давлатимиз раҳбарининг «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг самарали назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Агентлик аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.