Мирзокаримов Сардор Садирализода – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти етакчи илмий ходими.
2023 йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Конституция – халқимиз ҳаёти ва турмуш тарзини яхшилашга қаратилган ҳамда жамият ривожланишида кенг қамровли янгиланишлар учун зарур деб топилган кўплаб янги қоидалар, институтлар ва принципларни ўзида мустаҳкамлади. Жумладан, хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тамойили мустаҳкамланди.
Янги таҳрирдаги Конституция 23-моддасида «Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади» деб белгиланиши давлатнинг алоҳида фаолият йўналишига ва тизимига асос солинишини талаб этади. Негаки, давлатнинг бу соҳадаги фаолиятида яхлит тизимни яратиш учун мавжуд ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, институционал воситалар ва механизмлар етарли эмас.
Ушбу қоиданинг Асосий Қонун даражасида мустаҳкамланишини қўйидаги бир қанча ҳаётий омиллар билан асослаш мумкин:
биринчидан, Ўзбекистон 140 дан зиёд давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган ҳамда 160 дан ортиқ мамлакатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини амалга оширади. Ўзбекистон фуқаролари хорижий давлат фуқаролигига қабул қилиниши кўрсаткичлари ҳам шунга ҳамоҳангдир;
иккинчидан, Ўзбекистон аҳолиси 36 млн кишидан ошган бўлиб, Ўзбекистон йирик миллатли мамлакат, яъни аҳолиси 10 млн.дан – 50 млн.гачани ташкил этади. Аҳолининг сони ўз навбатида ташқи миграция кўрсаткичларига ҳам таъсир этади. Мисол учун, биргина 2022 йилнинг 9 ойида 124,1 минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари таълим олиш мақсадида чет элга чиқиб кетган. Ушбу фуқароларнинг айримлари хорижий давлатларда иш фаолиятини бошлаши, яшаб қолишлари ва ушбу давлат фуқаролигини олишлари мумкин. Шу тарзда хориждаги ватандошлар сони ҳам ортиб боради.
Ватандош деганда Ўзбекистонда туғилган ёки яшаган, ҳозирда хорижда яшаётган ва Ўзбекистонда қариндошларга эга бўлган шахслар (чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар)ни тушунишишимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикасида хориждаги фуқаролар ва ватандошларни қўллаб-қувватлаш масаласига давлат даражасида эътибор берила бошланди. Хусусан, Президент тегишли Фармони билан мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон РеспубликасинингПрезиденти Ш.М.Мирзиёевнинг тегишли қарорига асосан, «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилиб, фонднинг асосий мақсадларидан бири сифатида хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Мамлакат Янги таҳрирдаги Конституцияси 23-моддасида «Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади» деган қоиданинг мустаҳкмланиши бу соҳада янги ҳуқуқий асосларни яратади, хориждаги фуқароларимиз ва ватандошларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкониятларини янада кенгайтиришга замин яратади.
Юқоридаги конституциявий норманинг “Ўзбекистон-2030” стратегиясида алоҳида мақсад – “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш” сифатида белгиланиши унинг амалга оширилишининг дастлабки ҳаракатлари сифатида баҳолаш мумкин.
Ушбу мақсадни амалга оширишнинг асосий кўрсаткичлари сифатида қўйидагилар белгиланмоқда:
– ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмаларини рағбатлантириш ва уларнинг сонини 300 тага етказиш;
– Ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишидаги олийгоҳларда хориждаги ватандошлар учун 200 та грант ажратиш;
– Ватандошлар иштирокида тиббиёт, таълим ва илм-фан соҳаларида 100 та лойиҳани амалга ошириш;
– Ватандошлар жамоат бирлашмаларига етказиб бериладиган бадиий адабиётлар сонини 100 мингтага ошириш.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳам белгиланмоқда. Ушбу қарорда қўйидагилар акс эттирилиши кўрсатилган:
– Мамлакатимизда уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, таълим, тиббиёт ва бошқа давлат хизматларидан тенг ҳуқуқлилик асосида фойдаланиш имконини берадиган “Ватандош гувоҳномаси” жорий қилиш;
– Тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар бўйича тажрибали мутахассислар – хориждаги ватандошлар иштирокида семинар ва мастер-класс машғулотларини ташкил этиш;
– “Ватандошлар” жамоат фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш, имкониятларини кенгайтириш, унинг ҳузурида хориждаги ватандошлардан иборат таркибда турли йўналишлардаги Экспертлар гуруҳларини ташкил этиш.
Ушбу қарор лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши соҳада янги ташкилий, институционал ва ҳуқуқий асосларнинг яратилишига хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Конституцияда мусҳамкаланган ватандошларга оид қоида ўзининг бевосита ҳаётга татбиқ этилишини “Ўзбекистон-2030” стратегиясида кўзатиш мумкин. Бу эса ўз навбатида фуқаролар ва ватандошларимиз билан ўзаро, натижадорликка йўналтирилган янги давлат ҳуқуқий сиёсатининг амалга оширилиши борасида дастлабки тизимли ҳаракатларни бошлашга асос яратади.
Шу билан бирга, юқорида келтирилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши соҳада янги-янги ижтимоий муносабатларни келтириб чиқаради ва шу муносабат юилан ушбу соҳадаги шаклланаётган тизимни тартибга солиш мақсадида «Хорижда яшаётган ватандошлар мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини қабул қилиш, ҳамда ушбу қонун билан бу соҳадаги давлат сиёсатининг аниқ йўналишларини, амалий механизмларини, ватандошлар мақоми ва уларга бериладиган қўшимча кафолатларни мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ.