Дунёда юз бераётган глобаллашув жараёнида Ўзбекистон ҳам ўзининг қўшни ҳамда ҳамкор давлатлар билан ҳар томонлама, икки томонлама ўзаро муносабатларини янада фаоллаштириш керак бўлади. Ҳозирги кунда шу мақсадда ташкил этилган Туркий давлатлар ташкилотининг мақоми йил сайин ортиб бормоқда.
Халқларимизнинг умумий тиллари ва қадриятлари асосида шаклланган ушбу ташкилот доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Фикримнинг исботи сифатида қайд этмоқчиманки, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йил Озарбайжонинг Нахичеван шаҳрида тегишли давлат раҳбарлари иштирокидаги саммитда ташкил этилган бўлиб, 2021 йил ноябрида мазкур Кенгашнинг Туркиянинг Стамбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Туркий давлатлар ташкилоти деган янги ном билан номлана бошланди.
Таъкидлаш лозимки, Туркий давлатлар ташкилотининг ҳуқуқий асоси сифатида, 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битими ҳисобланади.
Мазкур ташкилотга Ўзбекистон 2019 йил сентябрь ойида аъзо бўлди. Ҳозирда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар сирасига, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон кирадиган бўлса, кузатувчи давлатлар қаторига эса Венгрия ҳамда Туркманистон давлатлари киради.
Ташкилотнинг асосий мақсади – иштирокчи давлат ўртасидаги ўзаро савдо, инвестиция, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият ва бошқа соҳалардаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлашдир.
2019 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 дан ортиқ таклифлари мазкур Ташкилот томонидан алоҳида инобатга олиниб, амалиётга жорий қилинди. Мисол тариқасида, Ўзбекистонда ёш тадбиркорлар форумини ўтказиш; транспорт ва божхона тизимида рақамлаштириш лойиҳасини жорий қилиш; Табаррук зиёрат лойиҳасини ишлаб чиқиш; Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни жорий қилиш; Экология, ахборо технологиялари соҳасида халқаро конференциялар ташкил қилиш ва бошқа ҳоказо таклифлар шулар жумласидандир.
Масалан, биргина жорий йилнинг июль ойида Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Табаррук зиёрат” туризм концепцияси бўйича ташаббусни юқори савияда ташкил этиш, туризм соҳасидаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадади, “Туркий давлатлар билан туризим соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Президентининг алоҳида Қарори қабул қилинди.
Албатта, мазкур қарор ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади, кўплаб аҳолимизнинг иш билан таъминлаш масалаларини ҳам атрофлича тартибга солади.
2021 йилнинг 20 октябрь куни Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотлари раҳбарлари кенгашининг Низоми имзоланди. Мазкур Низом, туркий халқлар тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, муштарак қадриятларни кенг ёйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва турли соҳалардаги алоқаларни янада равнақ топширишга хизмат қилади. Ёки бўлмаса, жорий йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпон-Ота шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти парламент ассамблеясининг 11-ялпи анжумани бўлиб ўтди ва анжуман якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилоти ХII Бош Ассамблеясининг Чўлпон-Ота декларацияси қабул қилинди. .Шунга ўхшаш бошқа кўплаб ўзаро ҳамкорлик келишувларини санаб ўтиш мумкин.
Ўтган йили ноябрь ойидаги Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда қуйидаги хужжатлар имзоланганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Буларга: “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши” номини “Туркий давлатлар ташкилоти”га ўзгартириш тўғрисидаги қарор; Туркий давлатлар ташкилоти саккизинчи саммитининг декларацияси; Туркманистонга Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақоми бериш тўғрисидаги қарор; “Турк дунёси истиқболлари-2040” қарори; Турк дунёси бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот тўғрисидаги қарор; Туркий давлатлар ташкилоти қошида ҳамкор мақомини белгилаш тўғрисидаги қарор каби ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Саммит кун тартибига мувофиқ, савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ҳамда маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда Кенгашга аъзо давлатларнинг жами импорти 420 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган, улар ўртасидаги ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажми эса 21 миллиард АҚШ долларини ташкил этганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 349-бандида, йирик тадбирларда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон позицияси ҳамда глобал ташаббусларини илгари суриш масаласи белгилаб қўйилган бўлиб, бу орқали Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўзбекистон раислигини самарали ва фаол амалга оширишни ташкил этишни назарда тутмоқда.
Назаримизда, Туркий мамлакатлар янги ташкилотининг асосий вазифаси шундайки, энди сон эмас, балки сифат устида иш олиб борилади. Лўнда қилиб айтганда, бизнинг манфаатларимизга ҳақиқатан ҳам жуда мос келадиган соҳаларга эътибор қаратиш ва бу борадаги асосий йўналишларга урғу бериш лозим. Агар биз ушбу соҳаларда яхши натижаларга эришсак, бугунги кунда устувор бўлган бошқа соҳаларни ривожлантириш осонроқ кечади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Туркий давлатлар ташкилоти дея аталувчи янгича номга эга бўлган Ташкилот, қардош халқларнинг умумий фаровонлиги ва равнақига хизмат қилишидан бугун кўпчилик умидвор.
Самарқандда ўтказилиши кутилаётган Саммит давомида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва қатор устувор йўналишлар бўйича кўптомонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилиш, савдо, иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув борасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, жонли учрашув ҳамда мулоқотлар ташкил қилиш масалалари, яқин келажакда ўзининг истиқболли натижасини бериши кутилмоқда.
Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлар доктори,