Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига давлат тилида ном бериш (нейминг) хизмати кўрсатилади.
Бу ҳақда Ҳукуматнинг “Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларига бу бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:
– давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ келадиган, миллий қадриятларга мос ҳамда объектларга қўйиш тавсия этиладиган номлар захирасини онлайн режимида шакллантириш ҳамда уни доимий янгилаб бориш;
– ташқи ёзув, пешлавҳа, реклама ва эълонлар матнини тайёрлаш, шунингдек, уларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлиги, номларнинг бир хил ёки ўхшашлик даражаси юзасидан лингвистик экспертиза ўтказиш;
– объектлар учун давлат тилида номлар яратиш ва танлаш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш.
Объектларга ном бериш “Давлат тили ҳақида”, “Фирма номлари тўғрисида” ва “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.