Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров бугун, 11 март куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Бугун Кўксарой қароргоҳида икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларининг барча йўналишларини кўриб чиқиши кутилмоқда.
Давлат раҳбарлари учрашуви кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш ўрин олган.