Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов маҳалла раисларини фаолликка чақириб, ҳеч нарсани яширмай, барча муаммоларни амалиётга жорий этилаётган янги тизим орқали масъул ижрочиларга йўллашларини сўради. Ҳар бир мурожаат замирида инсон тақдири турганлигини маҳалла раислари ҳам, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳам унутмасликлари зарурлиги таъкидланди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятда 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлари якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари тўғрисида аҳолига мурожаати тингланди.
Мурожаатда вилоят ҳаётининг барча соҳа ва йўналишлари бўйича жорий йил давомида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги вазифалар ҳақида гапирилди ва кўплаб рақамлар келтирилди. Уларнинг барчасини бир мақола жойлаштириш имконсиз. Шу сабабли кейинги пайтда алоҳида долзарблик касб этиб бораётган маҳалла тизими хусусида мурожаатда нималар дейилганлиги ва ушбу соҳадаги мавжуд ҳолат ҳақида сўз юритишни лозим топдим.
Вилоят ҳокими ўз чиқиши давомида маҳалла раисларига алоҳида мурожаат этди ҳамда маҳалла ҳақиқий маънода халқимиз ва давлат идоралари ўртасида кўприк бўлмоғи ва одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиши лозимлигини инобатга олган ҳолда, амалга ошириладиган бир қатор вазифалар устида тўхталиб ўтди.
Э.Турдимов, жумладан, қуйидагиларни уқтирди: “Халқимизнинг ўз мурожаатларини билдириш учун идорама-идора сарсон бўлиб юришларига чек қўйиш мақсадида mahallalar.uz электрон тизимини ишлаб чиқдик. Тез кунларда фуқароларимизни қийнаётган барча муаммоларни маҳалла раиси, ОАВ ва жамоатчилик назорати остида ташкилотларда кўриб чиқилиши таъминланади. Янги яратган тизимимизнинг ҳам асосий мақсади халқимизга қулайлик яратишдан иборат”.
Бундан кейин маҳалла раислари томонидан қўйилаётган масалалар онлайн тизимда шахсан вилоят ҳокими ёки ўринбосари томонидан имзоланган ижро варақаси орқали ижрочиларга етказилади ва назорати ҳам вилоят ҳокимлиги томонидан олиб борилади. Айни кунларда барча маҳалла раисларини планшет ва узлуксиз интернет билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳар бир фуқаро қайсидир маҳалла ҳудудида яшайди, лекин нега у ўзи ва маҳалладошларининг муаммоларини ечиш учун маҳалла раисига эмас, турли ташкилот, давлат органларига мурожаат қилади? Чунки маҳалла раислари қўйган муаммоларни ўша идора раҳбарлари вақтида кўнгилдагидек ҳал қилмайди, улар мурожаатига, аниқроғи ўз вазифаси ижросига масъулиятсизлик билан, панжа орасидан қарайди. Шу сабабли, маҳалла аҳли бевосита юқорироққа аризаю шикоятлар билан чиқади.
Ана шуларни инобатга олиб, Э.Турдимов вилояти Кенгаши сессиясида қатнашаётган ва уни онлайн тарзда кузатиб бораётган ҳокимлик, ташкилот ва идора раҳбарларига маҳалла раиси мурожаат қилганда, унга жиддий ёндошиш кераклигини, уларнинг қонуний талабларини бажаришга мажбур эканлигини таъкидлади. “Агар қўйилган талаб ёки таклифни бажаришнинг имкони бўлмаса, жойига чиқиб, масала моҳиятни одамларга маҳалла раиси иштирокида тушунтириб бериш лозим”, – деди вилоят ҳокими.
Шунда аҳоли ўтрасида маҳалла раисининг обрў-эътибори кўтарилади, одамлар унга ишонадиган бўлишади ҳамда бундан кейин ҳар қандай масалада аввал унга мурожаат этишади. Бу эса, бир томондан, ватандошларимизнинг беҳуда оворагарчилигига чек қўяди, улар вақти, қолаверса, маблағини тежайди. Шунингдек, юқори ташкилотларга тушадиган ариза ва шикоятлар оқими кескин камаяди. “Тўғри, камчиликларимиз кўп, фақат биргаликда ҳаракат қилганимиздагина уларни бартараф эта оламиз”, – дея таъкидлади Э.Турдимов.
Маълумки, бундан бир неча кун олдин, анқроғи, 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида Президент Ш.Мирзиёев маҳалланинг ролини ошириш ҳақида сўз юритиб, шу вақтгача шакллантирилган ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш дастури “тепадан – пастга” тизимига ўзгартириш киритила бошланганлигини таъкидлаган эди. Хоразм вилояти мисолида илк бор ҳаётга татбиқ этилаётган янги тизимга кўра, эндиликда туманлардаги иқтисодий коплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради.
Энди давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари маҳалла раислари билан бирга маҳаллада ишлаши, улар фуқаролар йиғини раиси ва унинг ўринбосарларига кўмакчи бўлиши, “маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилиши алоҳида уқтирилди.
Давлатимиз раҳбари айтган қуйидаги сўзларнинг ҳаётга татбиқ этилиши маҳалла раислари мавқеининг яна ошишига туртки бўлади ва кўпгина муоммолар ўз вақтида жойида ечилиб, ватандошларимиз оворагарчилигига чек қўйилишига асос бўлади:
“Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарса талаб қиламиз, лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги, одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу…” .
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз Муаллиф туширган суратлар