Главная > Менинг Ўзбекистоним > Наманган вилоятидаги туризм салоҳияти Ҳиндистонда намойиш этилди

Наманган вилоятидаги туризм салоҳияти Ҳиндистонда намойиш этилди


Жорий йилнинг 23-24 февраль кунлари Ҳиндистонинг Мумбай шаҳрида “The Times Travel Show Expo” йирик сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Ҳиндистонинг етакчи туризм компаниялари, сайёҳлик соҳаси билан боғлиқ турли саноат ташкилотлари, етакчи авиакомпаниялар, хорижий давлатлар делегациялари иштирок этди.

Наманган вилоятидаги  туризм салоҳияти Ҳиндистонда намойиш этилди

Кўргазма майдонига мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Мумбай шаҳридаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон стенди ўрнатилди.
Республикамиз туризм салоҳияти, тарихи, маданияти руҳида безатилган Ўзбекистон миллий стендига инглиз тилида тайёрланган турли маълумотлар, брошюралар, видеоматериаллар жойлаштирилди.

Наманган вилоятидаги  туризм салоҳияти Ҳиндистонда намойиш этилди

Кўргазма доирасида Наманган вилояти туризм салоҳиятига бағишланган алоҳида бурчак ташкил этилди. Унда вилоятда хорижий сайёҳлар учун зиёрат туризми, экотуризм, оилавий туризм ва бошқа йўналишларда мавжуд имкониятлар намойиш этилди.
Икки кун давом этган ушбу кўргазмага 10 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.
Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, мавжуд туризм йўналишлари, яратилаётган имкониятлар ва қулайликлар бўйича ҳар томонлама тақдимот берилди.
Хусусан, ҳиндистонлик сайёҳлар “e-visa” тизими ва бу йўналишда киритилган эркинликлар, Мумбай ва Тошкент шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилган авиақатновлар тўғрисида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлдилар.

Вернуться назад