ТОШКЕНТ, 2025-йил 17-апрел — Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тошкент давлат аграр университети ҳамкорлигида Ўзбекистонда қайта тикланувчи қишлоқ хўжалигининг имкониятларини намойиш этувчи муҳим тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Буюк Британияда суратга олинган “Тупроқнинг олти дюйми” ҳужжатли филми намойиш этилиб, ушбу филм ёш фермерларнинг тупроқни тиклаш, саломатлигини яхшилаш ва маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш орқали озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизимини ўзгартираётгани ҳақида ҳикоя қилади. Барқарор деҳқончилик амалиётларини жорий этиш бўйича муваффақиятли тажрибалар ва инновацион ёндашувларни намоён қилувчи филм Ўзбекистон учун илҳом ва амалий билим манбаи сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.
Филм намойишидан олдин “Тупроқ, сув, ҳаёт: Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши ва ер таназзули муаммоларини енгиш учун ресурс тежамкор ва қайта тикланувчи қишлоқ хўжалиги тизимларига ўтиш йўли” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда мутахассислар агроекологик деҳқончилик амалиётларини Ўзбекистоннинг иқлими ва ландшафт шароитларига мослаштириш йўлларини муҳокама қилдилар.


Сўзга чиққан иштирокчилар қайта тикловчи қишлоқ хўжалиги амалиётларни кенгайтириш орқали ерларнинг деградацияси ва иқлим муаммоларига қарши курашиш ҳамда қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилаш бўйича фикр алмашдилар.
Давра суҳбати (Панел муҳокамаси) иштирокчилари:
Модератор: Азиз Нурбеков, ФАО лойиҳасининг миллий координатори
• Сара Купер, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг Марказий Осиёдаги ривожланиш лойиҳалари бўйича директори
• Дилфуза Эгамбердиева, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази директорининг биринчи ўринбосари
• Ҳабибулло Ҳамдамов, Ўзбекистон ветеринария ва чорвачилик ривожланиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси
• Жузанна Кересзес, ФАОнинг иқлимга чидамлилик амалиёти ва ИПC ходими (Венгрия)
• Искандар Абдуллаев, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (ИWМИ) вакили
“Ўзбекистон ан’анавий қишлоқ хўжалиги билимларини замонавий қайта тикловчи амалиётлар билан уйғунлаштириш орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини яратиш йўлидан бормоқда. Ушбу ҳужжатли филм ва бугунги муҳокамалар тупроқ саломатлиги барқарор қишлоқ хўжалигининг асоси эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бугун тупроққа э’тибор қаратиш орқали биз озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришларига мослашиш ва қишлоқ ҳудудларининг фаровонлиги учун замин яратамиз”, -деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.


«Қайта тикланувчи қишлоқ хўжалиги — бу шунчаки деҳқончиликнинг янги усули эмас — бу озиқ-овқат тизимларимиз, атроф-муҳит ва ҳамжамиятимиз келажагини таъминлаш демакдир. Буюк Британия Ўзбекистонни инсонлар ва сайёрамиз учун фойдали бўлган барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини ўрганишда қўллаб-қувватлашдан фаҳрланади. “Тупроқнинг олти дюйми” филмида ҳикоя қилинган воқеалар инновация ва барқарорлик кўпинча оёқларимиз остидаги ердан бошланиши ҳақида кучли эслатмадир», — дея та’кидлаб ўтди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт.
“Ўзбекистоннинг экологик барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун стратегик йўналишлардан бири бу — қайта тикланувчи қишлоқ хўжалигидир. Тошкент давлат аграр университети жамоаси бу соҳадаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва малакали мутахассисларни тайёрлашга кучли эътибор қаратади. Бугунги тадбир нафақат илмий ва амалий мулоқот учун платформа, балки ёш мутахассисларимизни қайта тикловчи ёндашувлар билан яқиндан таништиришнинг муҳим имкониятидир”, — деди Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломуродов.


Тадбир университетнинг тажриба хўжалигидада рамзий дарахт экиш маросими билан якунланди. Ушбу маросим Ўзбекистонда яшил майдонлар янада кўпайишига қўшилган кичкина ҳиссадир, бу эса мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилаш ва барқарор қишлоқ хўжалигига бўлган эътиборини ўсиб бораётганидан далолат беради.