Бугун, 6 март куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фавқулодда ва мухтор элчилар – Миср Араб Республикасидан Тамер Фатхи, Италия Республикасидан Пергабриель Пападиа де Боттини, Қирғиз Республикасидан Дуйшонқул Чотонов, Беларусь Республикасидан Александр Огородников, Грузиядан Давид Котария ва Туркия Республикасидан Уфук Улуташнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Янги Ўзбекистондаги шарафли миссияси бошлангани билан самимий табриклади.
Дунёда зиддиятлар кескинлашиб, геосиёсий рақобат кучайиб бораётган ҳозирги даврда дўст давлатларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаши ҳар қачонгидан ҳам муҳим экани таъкидланди.
Бундай шароитда Ўзбекистон ўзининг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати билан ўзаро ҳурмат ва дўстликни мустаҳкамлаб, дунёнинг барча минтақаларидаги давлатлар, халқаро ташкилотлар ва глобал молиявий институтлар билан амалий шерикликни ривожлантирмоқда.
Президентимиз умумий сиёсий ирода туфайли Марказий Осиё яхши қўшничилик, ишонч ва интеграция минтақасига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Жорий йилда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларида раислик қилмоқда ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган тарихий саммитга тайёргарлик кўрмоқда.
Бўлаётган жадал ўзгаришлар туфайли минтақамизга қизиқиш тобора ортиб, «Марказий Осиё плюс» мулоқот майдони кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Жорий йил апрель ойида мамлакатимизда «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити, май ойида эса «Марказий Осиё — Кўрфаз араб мамлакатлари» форматидаги иккинчи учрашув бўлиб ўтади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида 11 та резолюция қабул қилингани алоҳида қайд этилди.
Жорий йилда мамлакатимизда Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ва ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилиши, 2027 йилда Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши ҳам давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Ўтган йили жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 35 миллиард долларни ташкил этиб, экспорт 27 миллиард доллардан ошган. Янги инновацион форматда ўтказиладиган Тошкент инвестиция форумига тайёргарлик кўрилмоқда.
— Ислоҳотларимиздан кўзланган асосий мақсад — ҳар бир инсон манфаатларини таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш, «келажак иқтисодиёти» ва илғор инфратузилмани барпо этиш, жозибадор инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашдан иборат. «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида белгилаб олган улкан мақсад ва режаларимизни амалга ошириш учун бизда етарли салоҳият ва имкониятлар, энг муҳими, кучли интилиш ва сиёсий ирода бор, — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлагани учун дипломатик миссиялар раҳбарлари вакиллик қилаётган мамлакатлар ҳукуматларига миннатдорлик билдирилди.
Давлатимиз раҳбари Миср Араб Республикаси элчисига мурожаат қилар экан, ушбу мамлакат Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги ишончли ҳамкори эканини таъкидлади.
Сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам равишда ўтказилмоқда. Ўтган йили Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, 3 та йирик бизнес форуми муваффақиятли ўтказилди. Икки мамлакат етакчи компанияларининг кооперацияси кенгаймоқда.
Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг мамлакатимизга ташрифи икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлашда муҳим воқеа бўлиши таъкидланди.
Мисрнинг етакчи ташкилотлари ва компаниялари иштирокида энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, геология, туризм, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Араб давлатлари лигасининг яқинда ўтган саммитида Миср Президенти томонидан илгари сурилган Ғазони тиклаш режасини қабул қилиш ташаббусини юқори баҳолади.
Ўзбекистон етакчиси Италия улкан сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга муҳим стратегик шерик эканини таъкидлади.
Бугунги кунда Италия компаниялари билан «яшил» энергетика, кимё, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, таълим ва туризм соҳаларида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ташқи ишлар вазирларининг «Италия — Марказий Осиё» форматидаги мулоқоти давом этмоқда. Турин политехника ва Пиза университетларининг Тошкент шаҳридаги филиали самарали фаолият юритмоқда.
Ўтган йили биринчи марта етакчи олий таълим муассасалари форуми ўтказилди. Яқинда Рим ва Виарежио шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди.
Яқин кунларда Ҳукуматлараро ишчи гуруҳ йиғилиши ва бизнес форуми, Ломбардия губернаторининг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда Ҳудудлар кенгаши бўлиб ўтади. Бундан ташқари, қўшма инвестиция фондини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Италия Бош вазирининг мамлакатимизга жавоб ташрифини ташкил этиш асосий вазифа этиб белгиланди.
Қирғизистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси ва стратегик шеригидир.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 4 баробар ортди, қўшма корхоналар сони 300 тага етди. Ҳудудларда автомобиль заводи, тўқимачилик фабрикалари, тиббиёт марказлари, агрокластерлар ишга тушди.
Ўтган йил декабрь ойида «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли қурилиши бошлангани муҳим тарихий воқеа бўлди.
Шу ойда Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон етакчилари иштирокида уч томонлама саммит бўлиб ўтади.
Ҳукуматлараро ва парламентлараро комиссиялар, Ҳудудлараро форум ва Ишбилармонлар кенгаши фаолияти натижадорлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Ўтган йил февраль ойида Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг мамлакатимизга расмий ташрифи кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қўшимча суръат бағишлади.
Товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда, қўшма корхоналар сони 240 тага етди. Яқин кунларда сиёсий маслаҳатлашувлар, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва ишбилармонлик тадбирлари бўлиб ўтади.
Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида кооперацияни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Ҳудудлараро, тиббиёт ва таълим форумларини самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Грузия Жанубий Кавказдаги ишончли ҳамкоримиз эканини таъкидлади.
Ўтган йили товар айирбошлаш 50 фоизга ошди. Юк ташиш ҳажми ортмоқда, банк соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Ҳукуматлар ва парламентлар даражасидаги алоқалар фаоллашди, маданий ва туризм алмашинувлари кенгаймоқда.
Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг куни кеча Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунлари икки томонлама муносабатлар ривожида янги босқич бўлишига ишонч билдирилди.
Товар айирбошлашни янада ошириш, логистика ва транзит, туризм, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларида кооперацияни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда ҳудудлар бизнес форуми, миллий маҳсулотлар ярмаркаси, маданият кунларини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Туркия элчисига мурожаат қилар экан, фаол сиёсий мулоқот туфайли икки томонлама муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.
Ўтган йили товар айирбошлаш 3 миллиард долларга, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2 миллиард долларга, қўшма корхоналар сони 2 мингтага етди. Туркиянинг етакчи компаниялари билан иқтисодиётнинг устувор тармоқларида йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилмоқда.
Янги истиқболли йўналишлар ва аниқ лойиҳаларни илгари суриш мақсадида жорий йилда Ўзбекистонда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Маросим якунида давлатимиз раҳбари янги тайинланган элчиларга шарафли ва масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади, шерикликни мустаҳкамлаш учун мавжуд барча имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди, ҳудудлар ва хусусий бизнес вакиллари билан фаол ҳамкорлик қилишни тавсия қилди.
Ўз навбатида, дипломатлар самимий қабул ва самарали фаолияти учун яратилган шароитларга миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни фаол илгари суриш йўлида ўзларининг бутун профессионал тажрибаси ва билимидан фойдаланишга тайёр эканини таъкидладилар.