Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг қарори билан 1 февралдан иссиқлик корхоналарининг иссиқ сув ва иситиш хизматлари тарифлари ўзгаради. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужжат билан вилоят «Иссиқлик манбаи» ишлаб чиқариш бошқармаси, «Ангрен иссиқлик энергияси» ДУК, Чирчиқ «Иссиқлик энергияси» ИЧК, «Олмалиқ иссиқлик манбаи» МЧЖнинг истеъмочиларга кўрсатилаётган хизматлар нархи ўзгармоқда.
Хусусан, «Иссиқлик манбаи» аҳолига иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун 93 464 сўм/Гкал (ҚҚС билан) нархни таклиф этмоқда. Ҳозирда у 81 минг 312 сўмни ташкил этади. Юридик шахслар учун эса бир Гкал учун 140 212,8 сўмдан 560 минг сўмга кўтарилади.
Ўзбекистон иссиқлик ва иссиқ сув тарифлари 2025 йил давомида 2 маротаба ошириш кўзда тутилган. Бу ҳақда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Илҳом Тўраев маълум қилганди.
“Чунки тўловларни давлат томонидан қоплаб беришда жуда катта субсидия бор. Субсидиядан қутилиш ва тизимни янгилаш учун биз нархларни қайта кўриб чиқишимиз керак. Бунда нафақат нархларни, тўлов тизимни ҳам қайта кўриш лозим”, деган эди у.
Тариф нархлари 2024 йилда вилоятларда бир маротаба Тошкентда эса икки маротаба оширилган.