Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Экологик экспертиза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, қонун лойиҳаси билан экологик экспертиза фаолиятида қўлланиладиган янги йўналиш – экологик нормативлар лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан, стратегик режалаштириш лойиҳаларини стратегик экологик баҳолашдан ўтказиш масалалари аниқ белгиланмоқда.
Шу билан бирга, давлат экологик экспертизасини ўтказиш тартиби, давлат экологик экспертиза объектлари бўйича тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини давлат экологик экспертизаси учун тақдим этиш таклиф этилган.
Қайд этилишича, депутатлар берган таклифлар орасида давлат ва жамоат экологик экспертизасини ўтказишда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, жамоатчилик экологик экспертизасини ҳамда жамоатчилик эшитувини ўтказиш тартибини белгилаш бўйича алоҳида нормаларни киритиш ҳам назарда тутилган.
«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида қонунчилик ҳужжатлари ўртасидаги тафовутлар бартараф этилиб, экологик экспертиза хулосасини бериш тартиб-таомилларини самарали ва тўғридан тўғри тартибга солувчи нормалар амалиётга киритилади. Энг муҳими, халқаро талабларни жорий этиш ҳисобига, хорижий инвестор ва тадбиркорлар учун ишончли ва тушунарли экологик баҳолаш тизими таъминланади», дейилади хабарда.