Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг «Ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга, шунингдек уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Ёшлар дафтари» орқали ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш имконияти яратилди ва мурожаатларни кўриб чиқиш муддати эса 30 кундан 5 кунгача қисқарди. Шунингдек, кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етказилгани ҳам алоҳида эътироф этилди.
Саъдуллаевга кўра, хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат қилиш учун жўнаб кетган ёшлар билан манзилли ишлаш масаласи ёшлар етакчиларининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланмоқда. Ёшлар етакчилари томонидан хонадонма-хонадон хатлов ишлари орқали 268 минг нафар хориждаги ёшлар баланси шакллантирилиб, улар билан доимий мулоқот ўрнатилган.
Маълумот учун айтиш мумкинки, 2021 йилдан бошлаб ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида мутлақо янги тизим – «Ёшлар дафтари» тизими жорий этилганди.