Самарқандда АҚШга, Андижонда Корея давлатига ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Паяриқ туман бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Ф.Т.» МЧЖ раҳбари Ф.Б. фуқаро У.А.ни 13 000 АҚШ доллари эвазига Америка Қўшма Штатларига ишга юборишини айтиб, олдиндан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Қўрғонтепа туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Д.М. ва Д.Х. фуқаро А.Ю.нинг ишончига кириб, унинг фарзандини Корея давлатига ишга юбориши эвазига 1 900 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.