13-15-июн кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон-Корея саммитида қатор ўзаро манфаатли масалалар муҳокама этилди. Унда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстона ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Олий даражадаги музокаралар якунида иккала давлат етакчилари Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.
Расмий манбаларда хабар қилинганидек, президентлар Кореянинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари вакиллари иштирокидаги қўшма бизнес форумида қатнашдилар, шунингдек, Тошкентдаги Технопаркка ташриф буюриб, саноат кооперацияси учун мавжуд салоҳият билан танишдилар.
Саммит доирасида 20 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Жумладан, Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ва Соннам саноат комплекси корпорацияси (Seong Nam Industrial Complex Corporation) ўртасида ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди. Меморандум қуйидаги имкониятларни ўз ичига олади:
— академик алмашинув дастурлари: SIUT талабалари ва профессор-ўқитувчилари давлатлараро халқаро алмашинувларда иштирок этишлари мумкин;
— ўқув дастурларини такомиллаштириш: SIUT ўқув жараёнига Кореянинг энг сўнгги технологиялари ва илғор тажрибасини татбиқ этиш;
— амалиёт, стажировка ва иш билан таъминлаш: SIUT талабаларига 3600 дан зиёд корхоналарни ўзида жамлаган Соннам саноат комплекси корпорациясида амалиёт ўташ, стажировка ва келгусида доимий иш билан таъминланиш имкониятини тақдим этиш..
Соннам саноат комплекси Корея Республикаси Геонгги провинциясининг тўртинчи энг катта шаҳри – Соннамда жойлашган. Соннам – миллионга яқин аҳолига эга бўлган, Сеулнинг йўлдош шаҳри бўлиб, Корея Республикасининг “Кремний водийси” сифатида саналади. Бу ерда мамлакатнинг кўплаб йирик корпорациялари жойлашган.
SIUT таркибидаги Корея технологиялари ва маданияти институти (KITC) негизида Соннам саноат комплекси корпорацияси билан ҳамкорлик амалга оширилади. KITCда талабалар энг талаб юқори бўлган мутахассисликлар: қайта тикланадиган энергетика, дизайн ва рақамли иқтисодиёт соҳасида таҳсил олмоқдалар. Ўқув жараёнларига кореялик профессор-ўқитувчилар жалб этилган.
“SIUT таркибида Корея технологиялари ва маданияти институтининг яратилиши Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги барқарор ришталар, икки томонлама муносабатларнинг далилидир. Университет таркибида KITCни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – таълим ва технологияларни ривожлантириш, шу билан бирга, ўзбек-корейс халқларининг муштарак ва жозибали маданиятини намойиш этиш ҳамда ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш муҳитини шакллантиришдан иборат”, — дейди KITC декани профессор Sungdon Hwang.
Шуни таъкидлаш лозимки, SIUT ва Соннам саноат комплекси корпорацияси шериклигининг асосий мақсади таълим ва илмий-тадқиқот имкониятларини кенгайтириш шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишдир. Ушбу шериклик SIUT нинг технологик таълим ва инновациялар соҳасида мамлакатдаги замонавий олий таълим муассасасига айланишга оид асосий мақсадларига ҳамоҳангдир.
SIUT Корея Республикасидаги Hankuk University of Foreign Studies, Catholic Kwandong University, Gimcheon High School, Korean Society for New and Renewable Energy, Korean Society of Management and Information Systems, Research Institute of Clean Energy at Sungkyunkwan University in Korea, Korean Institute of Electrical and Electronic Material Engineers, Institute of Asian Culture and Development ва бошқа кўплаб ҳамкорлар билан ўзаро англашув меморандумларга ва ҳамкорлик битимларига эга.
Аввалроқ маълум қилганимиздек, Самарқанд халқаро технология университети томонидан Самарқанд вилоятининг кам таъминланган оилаларидан бўлган иқтидорли мактаб ўқувчиларини тест синовларидан ўтказиш ва Корея Республикасидаги Gimcheon ўрта мактабига тайёрлаш бўйича ижтимоий лойиҳа йўлга қўйилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 11 сентябрдаги “«Ўзбекистон-2030» стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сонли фармонида қабул қилинган камбағалликни қисқартириш давлат дастурига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Тестдан сараланган беш нафар иқтидорли мактаб ўқувчилари SIUT да корейс, инглиз тиллари ва математикадан 6 ойлик тайёрлов курсларидан бепул ўтиш имкониятига эга бўладилар. Тайёрлов курслари SIUT Васийлик Кенгаши раиси Б.Ш.Фазилов томонидан ажратилган грант асосида ташкил этилади. Тайёрлов курсларини якунлаб, SIUT Gimcheon ўрта мактабига фақат уч нафар энг яхши ўқувчини тавсия қилади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги таълим ва технология соҳасидаги ташаббуслар инсон капиталини ривожлантириш ва инновацион тараққиётни жадаллаштириш мақсадида узоқ муддатли ва кенг қамровли шерикликка интилишни намоён этади.
Тошпўлат Раҳматуллаев тайёрлади