Сурхондарё вилоятида фуқаролардан бирининг хонадонида гиёҳвандлик ўсимликлари парваришланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро ва Сурхондарё вилояти Божхона бошқармаларининг тезкор тузилмалари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда мавжуд маълумотлар асосида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи фуқаролардан бирининг хонадони кўздан кечирилган.
Текширув давомида хонадон томорқасида экин экиш учун белгиланган ер майдонида гиёҳвандлик ўсимликларига ўхшаш ўсимликлар экиб, парваришлаб келинаётгани аниқланган.
Эксперт-криминалистика маркази экспертларининг хулосасига кўра, ўсимликларнинг 12 тупи каннабис, 317 тупи эса кўкнори экани тасдиқланган ва ашёвий далил сифатида тегишли қонунчилик асосида сақловга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.