Яқин 2 ой давомида Тошкент шаҳридаги барча ёруғлик диодли (LED) экранлардаги ташқи реклама объектларининг ёруғлик даражаси меъёрга келтирилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти Ташқи реклама лойиҳа офиси раҳбари Алихон Аҳмаджонов маълум қилди.
Унга кўра, ҳокимликка аҳоли ва шаҳар меҳмонлари томонидан шаҳар ҳудудига ўрнатилган LED экранлардаги рекламаларнинг ёрқинлик даражаси юқорилиги юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Шу сабабли ҳозирда ушбу экранларни масофадан туриб ёруғлик ўлчаш ускуналари орқали текшириш бошланган.
«Ёруғликни меъёрга келтириш жараёни бошланганда биз шунақа ҳолатларни кўрдикки, айрим LED экранларнинг ёруғлик даражаси туннинг қоронғу вақтида меъёридан 50 бараваргача юқори даражада бўлган. Шаҳарсозлик нормаларида тунги вақтда ёруғик диодли мониторларнинг максимал ёруғлик даражаси 100 кандел / кв.м этиб кўрсатилган. Ва биз ҳозирги мониторларни жойига чиққан ҳолда ўлчаб, шу 100 кандел / кв.м даража меъёргача келтириш ишларини олиб бормоқдамиз», дейди Алихон Аҳмаджонов.
Дастлабки ўрганиш натижасида шаҳардаги экранларнинг 90 фоиздан кўп қисми меъёрдан юқори ёруғлик тарқатиши аниқланган.