Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси “Фарҳод” деҳқон бозорида қулупнай сотувчилар билан содир бўлган жанжал юзасидан маълумот берди.
Маълумотларга кўра, 15 май куни соат 11:00 ларда “Фарҳод” деҳқон бозори ҳудудига бозор маъмурияти чақирувига асосан Миллий гвардия ва профилактика инспектори етиб келиб, ноқонуний ер усти савдоси билан шуғулланаётган фуқаролар билан тушунтириш ишларини олиб борган.
Улар қаторида қулупнай сотаётган ва ушбу бозорда мунтазам жанжал келтириб чиқаришда ном таратган фуқаро Г.С. ва Б.М. ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, атрофдагилар эътиборини ўзларига қаратган ҳолда жанжал кўтарган.
Миллий гвардия ва профилактика инспекторининг огоҳлантиришига қарамасдан, жамоат жойидаги юриш-туриш қоидаларини менсимаган ушбу фуқаролар эса ўрнатилган тартибда ҳудудий профилактика инспекторининг хизмат хонасига олиб борилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миллий гвардия ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекнинг 183- (майда безорилик) ва 194-1- (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир қилганликлари юзасидан, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва қонуний чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судига юборилган.