Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева юртимизда меҳмон бўлиб турган Германия Бундестагидаги “Германия – Марказий Осиё” парламент гуруҳи раисининг ўринбосари Манфред Грунд бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Германия муносабатларининг кенг доираси, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ҳамкорликни яна-да мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Германия Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, тез ривожланиб бораётган Ўзбекистон билан кўп қиррали муносабатларни яна-да чуқурлаштиришга тайёр эканлиги айтиб ўтилди. Биринчи навбатда барқарор ўсиб бораётган иқтисодий йўналишда товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш, янги инвестицияларни жалб этиш, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича қизиқиш билдирилди.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларларда парламентлараро мулоқотнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, бу борада қатор режаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, икки томонлама алоқаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, парламент қўмиталари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва уни яна-да ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, электрон парламентни жорий этиш бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди.
Делегация аъзолари томонидан Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берилди ва мазкур жараёнда Германия фаол иштирок этишга тайёрлиги билдирилди.
Суҳбат давомида меҳнат муносабатлари, гендер тенгликни таъминлаш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, маданий-гуманитар соҳаларда ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Учрашув якунида ўзаро ташрифларни ташкиллаштирган ҳолда Ўзбекистон ва Германия парламентлари муносабатларининг янги йўналишларини белгилаб олиш мақсадида ҳамкорликка оид тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.