Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алишер Қаюмов Сингапур Президенти Тарман Шанмугаратнамга ишонч ёрлиқларини топширди.
Ўзбекистон элчиси шарафига «Истана» ҳукумати қароргоҳида фахрий қоровул саф тортди.
Сингапур Президенти билан суҳбат чоғида 2023 йилда амалга оширилган олий даражадаги ўзаро ташрифлардан сўнг алоҳида жадаллик касб этган кўп қиррали Ўзбекистон—Сингапур ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Сингапур раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, очиқ ва мувозанатли ташқи сиёсат юритиш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришилганини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг халқаро бизнес, жумладан, цингапурликлар учун жозибадорлиги тобора ортиб бораётгани, бунинг яққол исботи сифатида Сингапур парламенти спикери бошчилигидаги ва 25 дан ортиқ ушбу давлат компаниялари вакилларидан иборат делегацияси бўлажак Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши таъкидланди.
Суҳбат якунида Сингапур Президенти икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига ўзининг эзгу тилакларини йўллади.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Қаюмов Сингапурга март ойи ўрталарида ташриф буюрган эди. У Ўзбекистоннинг Сингапурдаги (2018–2024) ва Австралияда (2022–2024) ўриндошлик асосидаги элчиси (қароргоҳи Сингапурда) бўлиб ишлаган Қаҳрамон Шокиров ўрнига тайинланди. Янги элчи Сингапурга тайинланишидан олдин Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган.
МАНБА: Халқ сўзи