Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси ўринбосари — Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилояти Шофиркон тумани маҳаллаларида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича амалий семинарлар ташкил этмоқда.
Хусусан, бундай очиқ мулоқотлар туманнинг “Талисафед”, “Гулистон”, “Темирчи”, “Бобоато” каби маҳаллаларда сектор раҳбарлари, жамоат фаоллари, илғор тадбиркорлар ҳамда ишсиз аҳоли вакиллари жалб қилинган ҳолда ташкил этилди.
Семинар иштирокчиларига давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жойларда “Сайхунобод” ва “Уйчи” тажрибалари асосида аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, томорқадан унумли фойдаланиш каби йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар борасида батафсил маълумот бериб ўтилди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ўз билим ва малакалари билан ўртоқлашиб, қўшимча даромад топиш мумкин бўлган фаолият турлари борасида батафсил тўхталиб ўтишди. Жумладан, “LIVADIYA-BUKHARA” МЧЖ томонидан тақдим қилинаётган меваларни қуритиш дастгоҳлари ёрдамида 20 дан зиёд ҳилдаги қуруқ мева маҳсулотларини тайёрлаш, томорқаларда бозорбоп маҳсулотлар етиштириш ёки ҳар бир хонадонда қўзиқорин ҳосилини олиш мумкинлиги иштирокчиларга аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди.
Семинар доирасида иштирокчилар “Темирчи” маҳалласининг Бойлар қишлоғида яшовчи Мардон Ҳамроев хонадонида бўлиб, унинг эришган натижалари билан яқиндан танишдилар. У томорқадан самарали фойдаланиш борасида етарли тажриба тўплаган деҳқонлардан ҳисобланади. Мардон ака деҳқончилик ва чорвачиликни ҳам йўлга қўйиб, рўзғорининг таъминотидан ташқари яхшигина даромад олишга эришиб келмоқда.
Бундан ташқари, иштирокчилар Талижа қишлоғидаги ҳунармандчилик тармоғида узоқ йиллардан буён меҳнат фаолиятини юритаётган чевар каштадўз Муҳаббат Қўчқорова хонадонига ҳам боришди. Каштадўз аёлнинг кўп сонли шогирдлари қаторида бугун хориждан меҳнат миграциясидан қайтган хотин-қизларга ҳунар сирлари ўргатиб келинмоқда. Хонадон бекаси билан мулоқотда юздан ортиқ шогирдига эга бўлган моҳир каштадўз фаолиятини янада кенгайтириш орқали янги иш ўринларини яратиш, баъзи ночор оилаларга даромад манбаини яратишга доир таклиф ва тавсиялар берилди.
Бу борада баъзи маълумотларга назар солсак, айни кунда вилоят миқёсида миграциядан қайтган хотин-қизлар сони 1415 нафарни ташкил этаётган бўлиб, биргина Шофиркон туманида бу кўрсаткич 63 нафарни ташкил этмоқда. Ҳозирда чекка туманнинг Боғиафзал, Пашмон, Чуқурак, Ҳовлипоён, Жўйрабод, Саврак каби қишлоқларида ҳам хорижда ишлаб қайтган аёллар касаначилик асосида буюртмаларни уйида тикиб, тайёрлаб, меҳнатига яраша фойда олмоқда.
Очиқ мулоқотлар давомида тикувчилик, қишлоқ жўжалиги ва бошқа йўналишларда ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги 10 дан ортиқ фуқароларнинг истак ва талабларига кўра Халқ қабулхонаси кўмагида уларга керакли асбоб-ускуналар ва махсус техника воситалари етказиб берилди.
Шунингдек, ҳудуддаги тажрибали ҳунармандлар ва тадбиркорларнинг таклифига кўра яна 20 нафар фуқаро улар билан касаначилик асосида тикувчилик, каштачилик, қўғирчоқлар ясаш ва товуқчилик йўналишларида ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.