Барчамизга маълумки, юртимизда ёши улуғ инсонларни қадрлаш миллий қадрият ҳисобланади. Чунки, кексаларнинг маслаҳат ва ўгитларига амал қилиб яшаш, турмуш фаровонлигимиз ва тинчлик-осойишта ҳаётимиз мазмунига айланган. “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганини пари билмас” каби ҳикматли иборалар неча минг йиллар мобайнида ҳаётда ўз исботини топиб келган ҳақиқат эканлигини яхши англаймиз. Аслида ҳам, бир умр меҳнат қилиб, фарзанд тарбиялаб, эл-юрт корига яраб яшаётган ҳар бир инсон кексайганда ҳурмат-иззат кўриб, эъзозланиб, ҳаётидан рози бўлиб яшашга муносибдир.
Мамлакатимизда 1–октябрь ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Республикамиз бўйлаб барча устозлар қаторида фахрийларимиз, нуроний отахону онахонларимизни ҳам табриклаш ва тақдирлаш уларнинг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар бошланиб кетади.
1-30 ноябрь кунлари “Кексалар учун туризм ойлиги” деб эълон қилингани олис ва яқин ҳудудларда умргузаронлик қилаётган нуроний отахон ва онахонларини қўллаб-қувватлаш, улардан кўнгил сўраш имкониятини бермоқда. Шу муносабат билан кўпни кўрган кексаларимиз билан ўтказиладиган уч авлод учрашувларда ўзларининг бой тажрибаларини ёшларга улашмоқда. Уларнинг ўгитларидан ҳар биримиз албатта баҳраманд бўлишимиз керак. Ҳар бир инсон ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.03.2022 йилдаги Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 167-сон қарорининг 1-бандида; маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини қарор топтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган ижтимоий фаол нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлардаги «Фахрийлар кенгашлари», фуқаролар йиғинларидаги «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш; каби бир қатор масалалар белгиланган.
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва унинг қуйи тизимида узоқ йиллар давомида қонунчиликни такомиллаштиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган фахрийларимиз билан дам бадам учрашув ва давра суҳбатлари уюштириб турилмоқда. Кексайиб қолганларни эса, уйма-уй юриб ҳолидан хабар олиш ишлари йўлга қўйилган. Айниқса, яқинда “Фахрийлар фахримиз” мавзусида бир пиёла чой устида ўтказилган давра суҳбати ўзига хос хусусиятга эга бўлди.
Тадбир сўнггида барча фахрий нуронийларимизни миллий театрга ташриф буюриши одат тусига айланиб қолди десак муболаға бўлмйди.
Шунингдек, адлия бошқармаси фахрийлар кенгаши томонидан уларни маданий хордиқ чиқаришлари учун Бўстонлиқ туманида жойлашган “Олмос” дам олиш оромгоҳига юбориш, ички туризмни ривожлантириш мақсадида Республикамизнинг тарихий масканларига зиёрат уюштириш ҳамда ёшлар билан уч авлод учрашувларини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ишлар давом этмоқда.
Нуронийларимиз учун ҳокимликлар томонидан ташкил қилинаётган маънавий-маърифий тадбирлар Республикамизнинг ҳар бир жабҳасида қизғин давом этмоқда.
Чилонзор туман ҳокимлиги маданият саройида ташкил қилинган “Мақом кечаси” барча нуронийларимизда катта таассурот қолдирди.
Ҳаётий тажрибалардан гувоҳи бўлаётганимиздай, ҳар бир ходим қайси соҳа вакили бўлишиданқатъий назар, билим даражаси ҳар қанча юқори бўлмасин, устозлар ўгитидан баҳраманд бўлмас экан, у ҳаёти давомида ўз олдига қўйган мақсадларига эришиши учун кўплаб тўсқинликларга дуч келиши ва хатоларга йўл қўйиши мумкин. Устозларимиз албатта мушкилларимизни осон қилади.Уларнинг ўгитлари орқали паст баландликларни осонликча енгиб ўтамиз.
Устозларимиз ишхоналарда, айниқса таълим муассасаларида шогирдларига ниҳоятда эътиборни қаратган, соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етиши учун ҳар томонлама тарбиялаб, қўллаб-қувватлаб, йўл йўриқлар кўрсатиши эвазига коррупцияга қарши салбий иллатларнинг ҳам олди олинган. Чунки у шогирдини нафақат билими, балким психологияси, одоб-аҳлоқи ва дунёқарашига қараб лавозимларга кўтарилишига тафсия беришган.
Тарихга бир назар соладиган бўлсак, икки уйғониш даврининг асосчилари бўлган буюк алломаларни айнан бизнинг юртимиздан етишиб чиқишида устоз шогирд анъаналарига қатъий амал қилиш, ниҳоятда кучли тус олганки, шогирдларига ўз фарзандларидай меҳр кўрсатиб, ўзидан устун даражага кўтаришга бутун борлиғи билан уринишган.
У давр олимларининг иймони соф, қалби пок бўлганлигидан таниш билишчилик ёки бирор бир манфаат эвазига деган салбий иллатлар тўғрисида ҳаттоки тушунчага ҳам эга бўлишмаган.
Шундай улуғ зотларнинг ворислари эканмиз, бу анъанани янада такомиллаштириш мақсадида фахрийларимиз билан алоқа ришталарини мустаҳкамлаш учун мунтазам равишда учрашув, давра суҳбатлари ва юзма-юз очиқ мулоқотларни кўпроқ уюштирсак, албатта ижобий натижаларга эриша борамиз.
Энг муҳими жамиятимизнинг асосий таянчи бўлган ёш авлод қалбида инсонийликнинг зийнати бўлган қадр-қиммат, меҳр-оқибат, самимийлик, ватанга садоқат ва фидойилик каби фазилатлар уйғона боради.
Аброр Бердиев, Миробод туман адлия бўлими бош юристконсульти