Кам таъминланган ва меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни қишлоқ хўжалиги кооперативлар устав фондига ўз улуши билан киришлари учун 2,2 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилиши ҳисобига 711 нафар фуқаро кооперация аъзолари сифатида ўз фаолиятини йўлга қўйди. Тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 32 минг 713 нафар фуқароларга ўз фаолиятини бошлашлари учун асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларининг хариди учун 153,8 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан эса жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 11,2 миллиард сўмлик субсидия маблағлари ажратилган бўлиб, 9 ойлик режага нисбатан 95 фоиз бажарилган. Натижада маҳаллий меҳнат органларида ишсиз ва банд бўлмаган, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган 2 минг 636 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришилди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда қайд этилди. Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси” ва “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси”дан ажратилган субсидиялардан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан 2023 йил 1 октябрь ҳолатидаги ижроси тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, ишсиз, кам таъминланган томорқа ер эгаларига енгил конструкцияли иссиқхона қуриш, суғориш воситаларини ўрнатиш, кўчатлар ва уруғликлар сотиб олиш учун 26,5 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган. Натижада 3 минг 380 нафар фуқаро оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.
Шу билан бирга, иш берувчиларга маҳаллий меҳнат бўлимлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун 385,7 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган. Бунинг ҳисобига 291 нафар фуқаро маҳаллий бандлик органлари йўлланмалари орқали ишга қабул қилинган. Ногиронлиги бўлган шахсларни, квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга жами 2 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган ва 815 нафар эҳтиёжманд шахслар бандлиги таъминланди.
– Аҳоли бандлигига кўмаклашиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш лозим, – деди депутат Дурбек Аҳмедов. – Маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш зарур. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш олдимизда турган вазифалардандир.
Қизғин муҳокамаларда билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
МАНБА:ЎзА