Бугун Президент раислигида ўтказилган йиғилишда Давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, харажатларини оптималлаштириш бўйича ҳар бир соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида мавжуд захира ва имкониятлар атрофлича таҳлил қилинди.
Аввало, йирик саноат тармоқларида харажатни қисқартириш орқали таннархни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Масалан, жорий йилнинг биргина тўртинчи чорагида 349 та йирик саноат корхонасида 2,1 триллион сўм харажатларни камайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Бу ишларни тизимли давом эттириш учун ҳукуматга келгуси йилда йирик тармоқларда таннархни 15-20 фоиз камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳудудларнинг даромад базасини кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтилди. Жумладан, паст қувватда ишлаётган корхоналарга кўмак бериб, уларни тўлиқ қувватга чиқариш чоралари белгиланди. Тадбиркорликни ривожлантириб, солиқ базасини кенгайтириш, афзалликлар бериш орқали “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш муҳимлиги айтилди.
Қишлоқ хўжалигида “катта сакраш”га фақат илм орқали эришиш мумкинлиги таъкидланди. Бу борада ер сифати, нав ва агротехнологияга замонавий илмий ютуқларни кенг татбиқ этиш орқали бир гектарда пахта ҳосилдорлигини 50 центнерга, ғаллада 100 центнерга етказиш вазифаси қўйилди.
Минтақамизда сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бормоқда. Сўнгги икки йилда сув хўжалигига бюджетдан 22 триллион сўм, жумладан, сув тежовчи технологияларга қарийб 1 триллион сўм субсидия ажратилган.
Шу боис келгуси йилларда суғориш каналларини бетонлаш, сув тежовчи технологиялар ўрнатиш ишларига ажратиладиган маблағ кўпайтириб борилади. Жумладан, келгуси йилда марказлашган инвестиция ҳисобидан 1,7 триллион сўмлик ва халқаро молия ташкилотларидан 300 миллион долларлик сув инфратузилмаси лойиҳалари амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари бу масалага кенгроқ тўхталиб, суғориш каналларини бетонлаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинишини таъкидлади.