Маълумки, жорий ўқув йилидан бошлаб Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ҳар бир шаҳар–тумандан 1 та умумий ўрта таълим мактаби танлаб олиниб, япон таълим тизими тажрибаси асосида дарс ўтиляпти.
Шу мақсадда Япониядан бошланғич синф ҳамда аниқ фанлар ва роботехника бўйича икки нафар малакали ўқитувчи жалб этилиб, маҳорат дарслари ташкил этилди. Ўз навбатида танлаб олинган бошланғич синфлар хонаси япон таълими тизими талаблари асосида жиҳозланди. Маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан бепул тушлик йўлга қўйилди.
Куни кеча Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов шаҳардаги 6–умумий ўрта таълим мактабида Япония таълим тизими бўйича таҳсил олаётган мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашиб, уларнинг билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди. Юзма–юз мулоқот мобайнида ўқувчиларга фанларни янада мустаҳкам эгаллашлари ва ахборот технологияларини мукаммал ўрганишлари учун шаҳар ҳокимлиги номидан таълим планшетлари тантанали равишда топширилди.
МАНБА:“Халқ сўзи”.