8.3 C
Узбекистан
Суббота, 16 ноября, 2024

Туризм – умумий фаровонлик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,040участниковПодписаться
- Advertisement -
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилиш маросимида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди. 

Мажмуа ҳозирги кунда янгидан барпо этилмоқда. Бу ердаги қурилиш-пардозлаш ишлари кўздан кечирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм мажмуаси конгресс марказида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон туризм салоҳиятини ошириш бўйича БМТнинг ихтисослаштирилган институти билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Туризм тармоғини ислоҳ қилишда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорига айланган ЮНВТО билан ҳамкорликда мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

“Ипак йўлида туризм” брендини кенг ёйиш, жумладан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизга туризм йўналишларини оммалаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.

Мамлакатимизда ЮНВТО Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси ўтказилиши, унинг доирасида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва “Ипак йўли” тематик офисининг очилиши ҳамкорликнинг муҳим амалий натижалари бўлди.

ЮНВТО бош котиби Ўзбекистон Президентига туризм соҳасининг жорий йилги бош халқаро тадбири юксак савияда тайёрланиши ва ташкил этилишига кўрсатилган кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.

Бош Ассамблея доирасида туризм соҳасидаги етакчи компаниялар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар иштирокида инвестиция ва таълим форумлари ҳам бўлиб ўтади. Улар якунида мазкур йўналишлар бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан аниқ шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Учрашув якунида юбилей сессиянинг асосий якунларини амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси тантанали очилиш маросимида нутқ сўзлади.

Глобал сайёҳлик ташкилотининг 140 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирокида 20 октябрь кунига қадар давом этадиган бош тадбирида давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон етакчиси туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бири эканини қайд этди. Ўзбекистонда ҳам мамлакатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар доирасида туризм тармоғини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилмоқда.

Кейинги йилларда салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими, яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилди.

Сайёҳлик бизнесининг барча турларини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди, солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилди, кредит ва молиявий ёрдам кучайтирилди. Пандемия чекловларига қарамасдан, икки йил давомида 800 та инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди.

Меҳмонхона ўринлари сони 140 мингтага етказилди, 70 та янги сайёҳлик маршрути очилди, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади.

Натижада Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайди. Туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга жами 7 миллион сайёҳ ташриф буюради. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 15 миллионга, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказиш режа қилинган.

Олиб борилаётган кенг кўламли ишлар жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон энг тез ривожланаётган туризм маскани ва энг хавфсиз давлат сифатида халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Ўзбекистон раҳбари Туризмни 2030 йилгача комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган стратегияда замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият қаратилишини таъкидлади. Юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган янги автомобиль ва темир йўллар қурилади, авиатранспорт парки икки баробар кенгайтирилади, авиақатновлар сони тўрт баробар оширилади. Катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилади.

“Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури доирасида туристларни ўзига жалб қиладиган маданий мерос объектлари сони 800 тадан 2,5 мингтага етказилади, 745 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, 20 та меъморий ёдгорликда “очиқ осмон остидаги музей”лар ташкил этилади. Зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатга келувчилар сони ҳозиргидан уч баробар кўпроққа оширилади.

Марказий Осиё давлатлари билан қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш масалалари диққат марказида бўлади. Умуман, туризм йўналишларини ривожлантириш ҳисобидан келгусида камида 1 миллионта янги иш жойлари яратиш режалаштирилган.

Айни пайтда Ўзбекистон етакчиси глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси – бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлаш эканини қайд этди. Халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида давлатимиз раҳбари БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарблиги кўрсатиб ўтилди. Бу борадаги амалий қадамлар сифатида ЮНВТО доирасида “Яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этиш, шунингдек, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро университети ҳамкорлигида Глобал “яшил” туризм стартаплари лабораториясини яратиш таклиф қилинди.

Имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

ЮНВТО доирасида тарихий ёдгорликларни асраш бўйича энг илғор тажрибалар билан алмашиш учун платформа – Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Ўзбекистон Кенгашнинг биринчи йиғилишини Бухоро шаҳрида ташкил этишга тайёрлиги қайд этилди.

Мамлакатимиз етакчиси яқинда Самарқандда очилган туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича дунёда ўхшаши йўқ ЮНВТО Халқаро туризм академиясида мутахассисларни ўқитиш учун махсус грантлар ажратилишини эълон қилди.

Ўзбекистон раҳбари ёшлар учун сайёҳликни ривожлантириш лойиҳалари ҳамда янги ғояларни яратишда муҳим ва фойдали майдонга айланадиган Жаҳон ёшлар туризми саммитининг навбатдагисини Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф этди.

“Ипак йўли” брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ЮНВТО махсус халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббуси билдирилди. Ушбу режани амалга ошириш билан Самарқандда очилган “Ипак йўлида туризм” тематик офиси фаол шуғулланади.

Глобал медиа-кампусини таъсис этиш ва унинг форумларини ҳар икки йилда бир марта Бош Ассамблея сессиялари доирасида ўтказиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Биринчи медиа-кампусни Ўзбекистонда қабул қилишга тайёрлик билдирилди.

Давлатимиз раҳбари делегатларни Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишга доир ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти Бош Ассамблея сессияси муваффақиятли ўтишини ва унда янги натижаларга эришилишини тилади.

Маросимда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш анжуман қатнашчиларига видеомурожаат йўллади.

Форумда сўзга чиққан Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) бош котиби Зураб Пололикашвили Бош Ассамблеянинг 25-юбилей сессияси Самарқандда юксак савияда ташкил этилганини таъкидлади ва бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм мажмуасида ташкил этилган Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти кўргазмаси билан танишди.

Кўргазмада мамлакатимиз 14 ҳудудининг туризм ва инвестициявий салоҳияти намойиш этилган. Зомин, Чорвоқ, Чимён каби хуштабиат гўшаларнинг туристик-рекреацион имкониятлари, туризм қишлоқларининг манзаралари, эко ва экстремал саёҳат манзиллари ҳақида маълумотлар жамланган. 

Туризм қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекистон аэропортлари” ва “Ўзбекистон вертолётлари” каби стендлар ташкил қилинган. Шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг туризм салоҳияти, хорижий ҳамкорлар иштирокидаги стартап лойиҳалар ҳам тақдим қилинган.

МАНБА:ЎзА 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Энг кўп солиқ базаси яширилган соҳа қайсилиги маълум бўлди

Солиқларни тўламаслик хавфи юқори деб баҳоланган 1518 та тадбиркорлик субъектига солиқ аудити ўтказилди. Бу эса умумий солиқ тўловчиларнинг атиги...

Больше похожих статей

×