Одамларнинг яхши яшаши учун энг зарур манбалардан бири – барқарор энергия ресурси. Сўнгги йилларда аҳолининг энергияга бўлган мавсумий эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча оғирлик электр тармоқларига тушмоқда.
Шу боис бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, аҳолинининг ушбу воситалардан фаол фойдаланишини рағбатлантиришга алоҳида аҳамият қаратиляпти. Хусусан, янги тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш панеллари, қуёш сув иситиш коллекторлари ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, имтиёзлар берилмоқда.
Масалан, бир оила сув иситиш учун ойига ўртача 195 минг сўм харажат қилади, дейлик. Энди улар 6 миллион сўм эвазига 200 литрли қуёш сув иситиш қурилмасини ўрнатса, давлатдан 2 миллион сўм компенсация олади. Бунда ҳар ой кетган харажат иқтисод бўлиши ҳисобига, сув иситиш қурилмаси 21 ойда пулини оқлайди ва ёнга қолади.
Агар оила компенсацияни эмас, бўлиб-бўлиб тўлашни танласа, ойлик тўлов 170 минг сўм бўлади. Яъни, ҳозирги тўловидан ҳам кам бўлади ва уч йилдан кейин иссиқ сув учун умуман харажат қилмайди.
Умуман, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича қандай қулайликлар бор?
Ўзбекистон тарихида биринчи марта аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.
Қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларидан фойдаланилганда электр ва иссиқлик энергияси текинга олинади. Қуёш панеллари орқали электр энергия ишлаб чиқарилганда атроф-муҳитга ҳеч қандай зарарли газлар
чиқмайди. Энг асосийси, қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилган пайтдан эътиборан даромад олиб кела бошлайди. Бундай қурилмалар биноларнинг том қисмида ҳамда бўш ер майдонларга ўрнатилгани учун ишлаш жараёнида ҳеч қандай шовқин бўлмайди. Замонавий воситалар хонадонни узлуксиз электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради.
Бу қурилмаларни ўрнатиш жуда осон ва узоқ йиллар техник хизмат кўрсатиш ҳам талаб этилмайди. Чунки мазкур қурилмалар махсус синов лабораториялари текширувидан ўтказилган ҳолда ўрнатилиши сабабли ўртача 20-25 йил давомида хизмат кўрсатади. Хонадон эгаси эҳтиёжидан ортган қисмини электр тармоқлари корхонасига сотиб даромад қилиши ҳам мумкин. Бунда жисмоний шахслар томонидан ҳеч қандай солиқ тўловлари амалга оширилмайди.
Серқуёш ўлкада яшаймиз, шуни ҳисобга олиб, табиатнинг ушбу неъматидан қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришда унумли фойдаланишимиз керак. Яшил энергетиканинг тараққий этиши бугунги шароитда мамлакат энергетика тизимига тушаётган улкан юкламани камайтиришга хизмат қилади.
Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, ушбу янги йўналишни ривожлантириш, соҳага сармоя киритиш, йирик хорижий ҳамкорларни жалб қилиш учун энергетика соҳаси бозор механизмлари асосида ишлаётган бўлиши керак. Йўқса ёки инвесторлар умуман келишдан бош тортади, ёки яна барча зарар давлат бюджетининг зиммасига тушади.