Ижтимоий тармоқларда 2023 йилги пахта терими учун нархлар ҳақида маълумот тарқалган эди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Тарқаган хабарларда пахта терими учун янги тўлов нархлари эълон қилингани, унда 1 кило пахта учун биринчи теримда 2100 сўмдан, иккинчи теримда 2600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш белгилангани айтилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг билдиришича, пахта терими учун тўлов нархлари ҳар йили мавсум бошланишидан аввал, муайян бир муддатда белгиланади ва ҳукумат томонидан тасдиқланади. Теримнинг ҳар бир тури учун алоҳида сумма белгиланади, сўнг барча ОАВ орқали эълон қилинади.
“Айни кунларда пахта теримига нарх белгилаш бўйича ишлар вазирликлар билан келишув жараёнида. Бунда унинг биринчи ва иккинчи терими учун (навларини ҳисобга олиб) қанча нарх белгиланиши аниқ кўрсатилади. Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳозирги тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, — дейилади хабарда.
Вазирлик ОАВ вакиллари ҳамда блогерларни тарқатилаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этишга чақирди.