“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси асосида нишонланадиган Ватанимиз истиқлолининг ўттиз икки йиллик байрами арафасида юртимизда, шу жумладан Наманган вилоятида бир қатор янги ижтимоий, иқтисодий объектлар фойдаланишга топштирилмоқда.
Поп туманининг олис ҳудудларидан бири – Миришкор маҳалласида Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси доирасида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивида 360 ўринга мўлжалланган янги 36-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти очилди.
Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов тадбир иштирокчиларини энг улуғ, энг азиз айём мустақиллик байрами билан табриклаб, мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида мактабгача таълимга қаратаётган эътибор ва унинг самараларига тўхталди.
Қайд этилганидек, вилоятда бундан олти йилча аввал боғчага қамров 22 фоиз эди. Ҳозирги кунга келиб эса бу кўрсаткич қарийб 79 фоизга етди. Бу ўз навбатида, чекка ва олис қишлоқларда ҳам жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган замонавий мактабгача таълим ташкилотлари бунёд этилганининг ёрқин натижасидир.
Манба:ЎзА