Президент дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун янги санкциялар кўзда тутилган қонунни рад этди. Бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров маълум қилди.
«Дарахтни ноқонуний кесганлик учун АҚШда 100 минг, Францияда 150 минг, Саудияда 8 миллион АҚШ долларигача жарима белгиланган. Бизда бу ҳаракат учун 1000 АҚШ долларигача жарима кўзда тутилган қонун Президент томонидан рад этилди. Эътироз тўғри, қонунни қайта кўрамиз», деб ёзган Алишер Қодиров.
Маълумот учун, Сенатнинг 3 майдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун маъқулланган эди. Унга кўра, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ёш ниҳолларни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғириб олиш, шикастлаш, нобуд қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (аввал 5 бараваридан 10 бараваригача эди), мансабдор шахслар учун эса 15 бараваридан 20 бараваригача (аввал 10 бараваридан 15 бараваригача эди) жарима белгиланиши кўзда тутилган эди.
Бундан ташқари, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этилган учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари белгиланган.