Маълумки, кейинги йилларда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёш бўлган. Ушбу кўрсаткич 2021 йил бошида 73,4 ёшни ташкил этган.
Айни кунларда кенг жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини 2 баробарга ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш ҳамда сил касаллиги билан касалланиш даражасини 100 минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин тушириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, лойиҳада аҳолига бирламчи тиббий хизматни янада яқинлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун келгуси етти йилда 700 та поликлиника барпо этилиб, 28 минг шифо ўринлари яратилади ва 16 минг шифокор штатлари ташкил этилади.
350 минг нафар диабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор бемор даволаш билан тўлиқ қамраб олинади. Тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришилади.
Бу каби ислоҳотлар нафақат фуқароларимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги ортиши, шу билан бирга, аҳолининг барча қатлами саломатлиги янада яхшиланишига хизмат қилади. Хусусан, болалар ўртасида ирсий касалликлар 2 баробарга камаяди. Ҳар йили икки маротаба 55 ва ундан катта ёшдаги аҳолини 100 фоиз профилактик кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш йўлга қўйилади.
Умуман олганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида нафақат аҳоли саломатлигини асраш шу билан бирга, барча соҳаларда бўлгани каби ижтимоий соҳани ҳам ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилган.
Жумладан, таълим тизимининг барча босқичларида бошланган ислоҳотлар ҳам жадаллик билан давом эттирилиши мақсад қилинмоқда. 2023-2030 йилларда болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади. Бунинг учун 2 мингта янги боғча бунёд этилади. Мактабгача таълим ташкилотлари 100 фоиз тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминланади.
Шунингдек, умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастури амалга оширилади. Натижада, 2023/2024 ўқув йилдан бошлаб ҳар йили 500 минг янги қувватлар ташкил этилиб, ўқув ўринлари сони 7,5 миллионга етказилади. 2,5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар қуришга 8 миллиард доллар ажратилади.
Ушбу жараёнларда ўқувчи-ёшларимизнинг олий таълим олишга бўлган интилишларини ҳам тўлақонли қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилади. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси камида 50 фоизга етказилиб, давлат гранти асосидаги қабул параметрлари 2 баробарга оширилади. “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури ва “икки дипломли тизим” жорий қилинади. 5 та олий таълим муассасаси миллий тадқиқот олийгоҳларига айлантирилиб, қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та йўналиши ва 100 та мақсадлари доирасида мамлакатимизни келгуси етти йилда жадал ривожлантириш орқали дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишига эришиш белгиланган.
Манба: UzA