Жорий йилнинг дастлабки ярмида Ўзбекистонда қайд этилган ўлимлар сони ўтган йилдагига нисбатан 1100 тага камайди. Қуйида Статистика агентлигининг ўлим кўрсаткичларига доир маълумотлари тақдим этилади.
Вафот этганлар сони
Мамлакатда 2023 йил январь—июнь ойларида вафот этганлар сони 79,8 минг кишини ташкил этди. Шундан эркаклар 44 100 нафар, аёллар 35 700 нафар. Вафот этганлар сони шаҳар жойларида 42 400 кишини, қишлоқ жойларида 37 400 кишини ташкил этди.
Жами вафот этганларнинг 55,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар, 23,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 20,7 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар бўлган.
Ўлим сабаблари
Статистика агентлиги ахборотига кўра, ярим йил давомида қайд этилган ўлим ҳолатларининг 51,9 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 11,5 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 9,5 фоизи ўсимталардан экани аниқланган. Яна 4,4 фоиз одам овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, 3,6 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлар, 1,4 фоизи юқумли ва паразитар касалликлар ҳамда 17,7 фоизи бошқа касалликлардан ўлим топган.