Жорий йилнинг 1 июлидан Тошкент шаҳрида Давлат тиббий суғурта тизими жорий этилади. Тиббий суғурта ўзи нима ва унинг аҳолига қандай фойдаси бор?
Давлат ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб, тиббиётнинг бирламчи бўғинида аҳолини 66 турдаги, 2022 йилда эса 120 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.
Давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда сурункали касалликлар бўйича “Д” назоратидаги беморлар электрон рецепт асосида дорихонадан бепул бериладиган 11 турдаги дори воситалари билан амбулатор даволаш “реимбурсация” тизими жорий этилди. Бунда, асосан, юқори қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, нафас йўллари сурункали касалликлари бўйича даволанишда фуқаролар узоққа бормасдан дориларини поликлиниканинг ўзида ёки унга яқин жойлашган дорихонадан олишмоқда.
Кафолатланган тиббий ёрдам нима дегани?
Буларнинг барчаси фуқароларимизнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат маблағлари ҳисобидан бепул олишга бўлган Конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш имконини бермоқда. Чунки, аҳолининг айрим қатламлари пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Бундай, вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олгани, яъни, барчага кафолатланган пакет доирасида, суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан бепул тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаши, айниқса, моддий шароити яхши бўлмаган фуқароларнинг соғлиғини сақлашга давлат ғамхўрлик қилишдан тўхтамаслигини англатади.
Бунинг учун, албатта мамлакатимизда барча чоралар кўрилмоқда. Масалан, соҳага ажратилаётган маблағлар сезиларли даражада ошди. Биргина, 2022 йилнинг ўзида тиббиёт соҳасига бюджетдан 29 трлн сўм йўналтирилган бўлиб, бу маблағ 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўпдир. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббий буюмлар билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди.