Бугун 1 июнь — ёзнинг илк куни. Хўш, бугундан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради? Жорий йил 1 июндан Ўзбекистонда бир неча қонунлар кучга киради. Хусусан:
Чақалоқлар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома туғруқхонанинг ўзидан берилади
Тиббиёт муассасалари томонидан туғилганлик ФҲДЁ бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида ҚР-кодли маълумотнома берилади ва ушбу маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади.
Гувоҳнома эса фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан расмийлаштириб берилади.
“Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади
Ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади.
Мазкур гуруҳларнинг асосий вазифаларидан бири ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш ҳисобланади.
“Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказилади
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ҳар йили:
- “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади;
- ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун боғча бепул бўлади
Қонунчиликка кўра, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва ОТМда давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади.
Уларнинг ота-оналарига йилига 2 марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Савдо қилувчилар ва хизмат кўрсатувчилар куну тун ишлашига рухсат берилади
Мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик мақсадида қуйидагилар бекор қилинади:
- тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби;
- чакана савдо ва хизмат кўрсатиш обектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар.